“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти матбуот хизмати оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб навбатдаги пресс-тур ташкил этилди.
Унда журналистлар банкнинг молиявий кўмагида янги ташкил этилган тадбиркорлик объектлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан яратилган иш ўринлари ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш йўлидаги илғор ташаббуслар ижроси бўйича маълумотга эга бўлишди.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси томонидан бугунги кунда 320 минг нафардан ортиқ аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга сифатли ва тезкор банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, ҳозирги кунда банкдаги юридик мижозлар сони 6 минг нафардан кўп ва жисмоний шахс бўлган мижозлар сони эса 50 мингдан ортиқни ташкил этади.
Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, шунингдек тадбиркорликка жалб этиш мақсадида “Ўзмиллийбанк”ка 3 та шаҳар ва тумандан жами 36 та фуқаролар йиғини бириктирилган. Ушбу маҳаллаларда ишларни ташкил этиш учун 38 та маҳалла агенти ва 38 та маҳалла банкири штати яратилди.
2025 йил январь-ноябрь ойлари давомида банк томонидан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жами 17 минг 634 нафар аҳоли даромадли меҳнат билан банд қилинди. Жумладан, 7 минг 447 нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилди. 10 минг 187 нафар аҳоли тадбиркорликка жалб этилди.
— Ўтган йилга нисбатан ажратилган 470 миллиард сўм кредит маблағи эвазига тадбиркорлар ўз фаолиятларини юритиб келмоқдалар.
Ёш тадбиркорларни қўллаб-қўвватлаш мақсадида 12 миллиард сўм, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида эса 11 миллиард сўмгача кредит ажратилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йилнинг 16 декабрь куни маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Масалан, 38 та маҳаллага 11 та маҳалла банкири бириктирилган ва 38 та маҳалла агенти фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек Президентимизнинг жорий йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ҳамда “Келажакка қадам” дастури доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 11 миллиард сўмга яқин кредит маблағи ажратилди, — дейди банкнинг Бизнес мужозларга кредитлаш бўлими бошлиғи Жўрабек Собиров.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзмиллийбанк” ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда масъул молия муассасаси ҳисобланади. Шунинг натижасида Ороллбўйида сервис хизмати тобора ривожланиб бормоқда. Мазкур банк билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган Нукус шаҳридаги “Santini” ресторани пресс-тур иштирокчиларининг дастлабки манзили бўлди.
[gallery-26802]
—Бизнинг ресторанимиз 2024 йил декабрь ойида тўлиқ реставрациядан чиқди ҳамда “ЎзМиллийбанк”нинг Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармасидан олинган 300 миллион сўм кредит эвазига жиҳозланди. Ҳозирда бизда 52 та иш ўрни яратилган. Бир пайтнинг ўзида 350 нафар кишига хизмат кўрсата оламиз. Ҳудудларда тармоқларимизни янада кенгайтириш мақсадимиз бор ва бу жараёнда банк билан хамкорликни давом эттирамиз. Чунки, “ЎзМиллийбанк” бизларга ортиқча оворагарчиликларсиз хизмат кўрсатиб келади. Биз бундан жудаям манмунмиз, —дейди мазкур ресторан иш бошқарувчиси Темурбек Давлатбоев.
Тадбир иштирокчилари “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти молиявий кўмагида фаолиятини йўлга қўйган Нукус шаҳрининг “Жана базар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Nukus SSP Texnopark” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган, қиймати 48 миллион 285 минг АҚШ доллари бўлган лойиҳа 17 минг 300 тонна аралаш ип калава, 17 миллион метр мато газлама ишлаб чиқариш қувватига эга.
“ЎзМиллийбанк” билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа учун 2023 йилда Нукус шаҳридан 12 гектар ер майдони ажратилди.
Корхонага банкдан олинган имтиёзли 28,5 миллион евро кредит ҳисобидан Германия, Япония, Туркия, Швейцария, Ҳиндистон мамлакатларининг компанияларидан шарнома асосида замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Бугунги кунга келиб, Россия ва Белорус давлатларига 1 миллион 24 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди. Ҳозир корхонада 150 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Мутасаддиларининг таъкидлашича, корхона тўлиқ фаолиятга киришгач, 1,5 минг иш ўрни яратилади.
Пресс-тур иштирокчилари Хўжайли туманидаги нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “lSSlK NON-XUJAYLI” масъулияти чекланган жамиятида, Қўнғирот туманидаги пластик ромлар ва эшиклар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган "WINLUX" хусусий корхонасида бўлишиб, уларнинг иш фаолиятлари билан яқиндан танишишди. Натижада улар томонидан Банкдан олинган кредитларнинг ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринларини яратишдаги афзалликлари тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
“lSSlK NON-XUJAYLI” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган нон ва нон маҳсулотлари нафақат Хўжайли туманига, балки Оролбўйининг бошқа ҳудудларига ҳам етказиб берилмоқда. Бу ерда ҳар куни 3,5 мингта маҳсулот ишлаб чиқарилиб, мижозларга бепул етказиб бериш хизмати йўлга қўйилган. Корхона фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида яқин кунларда банкдан яна 3 миллиард сўм кредит олиш жараёнида турибди. Ушбу кредит маблағи олингандан сўнг янги иш ўринлари яратилиб, маҳсулотлар янада кўпаяди.
Филиал таркибида 3 та Банк хизматлари кўрсатиш маркази (Нукус амалиёт, Тўрткўл, Қўнғирот) ва 4 та Банк хизматлари офислари (Хўжайли, Чимбой, “Нурли йўл”, “Манғит”) мавжуд. Бугунги кунда банк хизматларидан хорижий инвесторлар ҳам мамнун.
– Биз бетон заводи қурилишига 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритдик, – дейди Хитойнинг “ТТС Бетон” компания раҳбариятининг Қорақалпоғистондаги вакили Чжоу Сяньлян.– Оролбўйининг ривожи ва қурилишига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз. Айни пайтда биз турли лойиҳаларни амалга оширишни, жумладан, Хўжайлида 400 миллион долларлик Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази қурилиши учун бетон етказиб беришни ўз зиммамизга олганмиз. Келгусида Қорақалпоғистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятидамиз. Бунинг учун “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятига миннатдорчилик билдирамиз. Биз учун мазкур банкнинг қўллаб-қувватлаши маҳаллий ишларда катта аҳамиятга эга бўлиб, маблағларимиз ҳаракатининг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзмиллийбанк” бугун иқтисодиётимиз ривожи учун бизнес ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳар доим ишбилармонлар билан ҳамкорликка тайёр. Зотан, эл тараққиёти йўлида камарбаста бўлиш мазкур банк қадриятларининг энг муҳим тамойилларидан биридир.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА