Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзмиллийбанк туризм ривожига хизмат қиладиган ташаббус ва ғояларни доимо қўллаб-қувватлайди
18:39 / 2023-09-18

Мамлакатимизда туризм соҳаси йилдан йилга ривожланмоқда. Сабаби, юртимизнинг бой тарихи, маданияти, моддий ва маънавий мероси хорижлик олим ва сайёҳларни оҳанграбодек ўзига ром этиб келади. Айниқса, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари қадимийлиги, ўзига хослиги билан жозибадордир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Хоразм вилояти туристик ресурсларнинг зичлиги ҳамда улар таркибидаги тарихий-меъморий объектлар кўрсаткичи бўйича мамлакатимизда биринчи ўринда туради. Бу ерда неолит давридан то ХIХ асргача бўлган даврни қамраб олган 254  маданий мерос ёдгорлиги мавжуд. Уларнинг 18 таси археология, 132 таси меъморчилик, 66 таси ҳайкалтарошлик, 6 таси диққатга сазовор жойлар ҳамда 32 таси муқаддас қадамжолар ҳисобланади.  

Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни жадал ривожлантириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш, келгуси беш йилда вилоятда туризм хизматларининг ҳажмини кескин ошириш ҳамда кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этишда туризмни етакчи соҳага айлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар бугун ўз самарасини бермоқда.  

Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида тижорат банклари, жумладан,  “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.  

Туризмни ривожлантириш мақсадида соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларга беминнат молиявий ҳамкор бўлиб келаётган “Ўзмиллийбанк” АЖ кўмагида кўплаб туристик объектлар қурилмоқда, таъмирланмоқда, айримлари қайта тикланмоқда.    

Президентимиз 2017 йил  Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Хивадаги “Ичан қалъа” ҳамда Нуриллабой саройи мажмуалари, “Фаровон” меҳмонхонаси қурилиш участкасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, тарихий обидаларни реконструкция қилиш лойиҳалари билан танишиб, қадимий Хиванинг сайёҳлик жозибадорлигини янада ошириш мақсадида сайилгоҳ кўчалар ташкил этиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш бўйича топшириқлар берган эди.  

Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириқлари ҳамда  2017 йил 4 майдаги “2017 — 2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ишлар бугун ўз самарасини берди.  

Нуриллабой тарихий мажмуасини 1894-1904 йилларда  Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II Феруз ўғли Асфандиёрхон учун қурдирган. Сарой қатор катта-кичик хоналар, дарвозахона, сарой, қабулхона, арзхона, мадраса, хизматчилар учун турар жой, боғ, гулзорли ҳовлилардан иборат.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2017 йил 19 майдаги “Хоразм вилоятидаги Нуриллабой тарихий мажмуасини реконструкция ва реставрация қилиш тўғрисида” ги қарорига кўра,  мажмуада кенг кўламли таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди.    

Объектларни қайта таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш ишларининг барчаси “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан амалга оширилди. Мажмуанинг тарихий қиёфаси қайта тикланди.    

Нуруллабой тарихий мажмуасининг умумий майдони 4,8 гектарни ташкил қилади. Бугунги кунда  бу ерда битта  фотогалерея, битта замонавий тасвирий санъат, битта халқ амалий санъати кўргазмалари, бешта интерьер ва экспозициялар ташкил қилинган.  

– Хоразм хонларининг ёзги қароргоҳи вазифасини бажарган ушбу сарой қайта таъмирлангандан сўнг, табиийки, томоша қилишга келадиган сайёҳлар оқими кўпайди, –  дейди “Нуруллабой” тарихий мажмуасидан фойдаланиш дирекцияси директори Одилбек Абдураҳмонов.  – Бу мажмуа Хивадаги хонлар қароргоҳларидан ўзининг дизайни ва архитектураси билан тубдан фарқ қилади. Сарой қурилишида Шарқона ва европача услуб аралашган. Хоналар дизайни бир-биридан кескин ажралиб туради. Рус услубидаги каминь, катта кенг ойналар ва шарқона услубдаги геометрик нақшлар, гуллар билан безалган турфа ранг шифтлар сарой кўркига янада ҳашамдорлик бағишлаган. Қасрнинг баланд эшик ва ойналари немис дурадгорлари томонидан ясалган. Шу боис бу ерга келган туристлар шарқ ва  ғарб меъморий ечимининг ўзаро уйғунлигига гувоҳ бўлади.  

Маълумот учун, “Нуруллабой” тарихий мажмуасига 2022 йилда жами 14 минг 500 нафардан зиёд сайёҳ ташриф буюрган. 2023 йилда уларнинг сонини икки баробарга ошириш режалаштирилган. Бунинг  учун жорий йилда 47 туристик ташкилотлар билан шартномалар имзоланган. Хива шаҳридаги меҳмонхоналарда тарихий мажмуани тарғиб қилувчи видеоролик ва қўлланмалар тарғиботи йўлга қўйилган.  

Халқаро тажрибадан маълумки, сайёҳларга намунали хизмат кўрсатишда меҳмонхона хўжалиги муҳим ўрин тутади. Вилоятда туризмни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурида ихчам меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари тизимини ривожлантириш кўзда тутилган. 2014 йилда вилоятда атиги 39 меҳмонхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 60 тадан ошди.  

“Фаровон Хива” меҳмонхонаси ҳам  бир вақтнинг ўзида 160 нафар меҳмонга хизмат кўрсатади. Бугунги кунда меҳмонхона сайёҳлар ташриф буюрадиган шинам ва файзли гўшага айланган. Сабаби Европа стандартлари асосида фаолият олиб борадиган меҳмонхонада хизматлар тури ва сифатига алоҳида эътибор қаратилган. Умумий хоналарнинг сони 106 та бўлиб, улардан 6 таси давлат раҳбарлари  ва бошқа юқори  мартабали меҳмонларни кутиш учун мўлжалланган. Бассейн, фитнес зал, ресторанлар ва турли хил тадбирларни ўтказишга мўлжалланган ўнта конференция заллари  сайёҳлар ихтиёрида.  

– Меҳмонхонамиз 2021 йилда иш бошлаган, – дейди “Фаровон Хива” меҳмонхонаси иш бошқарувчиси Лола Мирзаева. –  Бу ерда асосий эътибор сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган. Сабаби, Хоразмга келадиган сайёҳ меҳмонхонани кўриш учун эмас, аксинча тарихий обидаларимизни томоша қилиш учун келади. Меҳмонхонанинг қулайлиги, хизмат кўрсатиш сифати уларнинг мамлакатимиз ҳақидаги тасаввурини шакллантиради. Демак, меҳмонхона хизматининг қанчалик яхши йўлга қўйилиши бу юртимизга келадиган туристлар оқимига таъсир кўрсатади. Буни сайёҳларнинг сони йилдан йилга ошаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Меҳмонхонамиз 2022 йил якунига қадар 2000 нафар хорижлик сайёҳга хизмат кўрсатган бўлса, жорий йилнинг шу даврига қадар 7000 нафардан ортиқ туристларга хизмат кўрсатди.  

Маълумот учун, меҳмонхонада маъмурий ишлар, молия, кадрлар, муҳандислик, сотув ва маркетинг, меҳмонларни қабул қилиш, хўжалик, озиқ-овқат ва хавфсизлик бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Жами 168 нафар киши иш билан таъминланган. Ходимлар ўзбек, рус ва хориж тилларида бемалол гаплаша олади.  

Хива шаҳрида туризм юксалмоқда. Ўзмиллийбанк эса бу борада ҳамиша молиявий ҳамкор сифатида кўмакка тайёр. Мақсад ҳудуднинг туристик жозибадорлигини намоён этиш, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш,  янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли фаровонлигини янада оширишдан иборат.  

“Ўзмиллийбанк” АЖ  

Матбуот хизмати  

реклама ҳуқуқи асосида