Жорий йилнинг 6 июль куни "Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат" халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида "Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки" акциядорлик жамияти томонидан "Investor Day" — "Янги Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти" халқаро конференцияси ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади — хорижий банклар ва инвесторлар билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун амалий майдон яратиш, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини, унинг салоҳиятини, бизнес ва инвестициялар учун янги имкониятларини намойиш этишдан иборат бўлди.
Тадбирда дунёнинг энг йирик банклари – Хитой тараққиёт Давлат банки, JP Morgan(АҚШ), Deutsche Bank (Германия), Commerzbank (Германия), LBBW (Германия), KfW-IPEX Bank (Германия), DZ BANK (Германия), NATIXIS (Франция), Societe Generale (Франция), Credit Agricole (Франция), UBAF (Франция) Standard Chartered Bank (Буюк Британия), Barclays (Буюк Британия) вакиллари иштирок этди.
Тадбир икки сессиядан ташкил топди. Биринчиси, сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланди. Ушбу ислоҳотларни амалга ошириш натижасида мамлакат қиёфаси тубдан ўзгарди. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон иқтисодиётни либераллаштириш ва жаҳон бозорларига ишончли кириб бориш, шунингдек, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги прогрессив силжишлар борасида катта ютуқларга эришди, бунинг натижасида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқалари жадал ривожланмоқда. Масалан, сўнгги 6 йил ичида ташқи савдо ҳажми 2,5 баравар ошди ва 50 миллиард долларга етди.
Кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 80 миллиард доллардан ошди, экспорт ҳажми эса 19 миллиард долларга етди. Хусусан, қулай фискал тизим яратилди. Ташқи савдо эркинлаштирилмоқда Инвесторлар учун 7 мингдан ортиқ номдаги хом ашё ва товарларга божхона тўловлари бекор қилинди. Божхона ҳудудида ҳужжат айланишини қайта ишлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. Янги бозорларни ўзлаштириш учун Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш ишлари тезлашмоқда.
Бюрократик тўсиқлар қисқартирилди бизнесни тартибга солиш бўйича давлатнинг 500 дан ортиқ функциялари, шунингдек 132 га яқин лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Лойиҳани бошлашдан тортиб, уни "битта ойна" тамойили бўйича ишга туширишгача бўлган жараён вужудга келди, қисқа қилиб айтганда, Инвесторлар билан ишлашнинг яхлит тизими жорий этилди. Натижада сўнгги 6 йил ичида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 3 бараварга ошиб, 10 миллиард долларга етди.
Иккинчи сессия давомида "Навоий кон — металлургия комбинати" АЖ, "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" АЖ, савдо-саноат палатаси, "Ўзбекгидроэнерго" АЖ ва "Технопарк" масъулияти чекланган жамиятининг йирик корпоратив мижозлари раҳбарлари сўзга чиқдилар. Хорижий банклар ва инвесторларга умумий қиймати 3,8 миллиард доллар бўлган истиқболли лойиҳалар намойиш этилди. 2023-2026 йилларда йирик тармоқ корхоналари ва компаниялари томонидан Янги Ўзбекистоннинг кон металлургияси, транспорт, тўқимачилик, энергетика, электротехника ва бошқа соҳалардаги ривожланиш стратегиясига мувофиқ амалга оширилади.
Ўзмиллийбанк томонидан ташкил этилган "Investor Day" халқаро конференцияси инвесторлар ва лойиҳа ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлиги учун ишбилармонлик майдонини яратди, намойиш этилган лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш учун ўзига хос таклиф бўлди, ҳамкорлик учун янги уфқлар очди, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва янги ўсиш нуқталарини аниқлаш имконини берди. Буларнинг барчаси қўшма ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш учун туртки бўлади.
Тадбирнинг бой дастури давомида В2В форматидаги учрашувлар бўлиб ўтди, бу эса томонларга узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг истиқболли йўналишларини батафсил муҳокама қилиш, шунингдек, аниқ инвестиция таклифларини биргаликда амалга оширишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш борасида муҳим қадам бўлди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати.
Реклама ҳуқуқи асосида