Ўзбекистон Республикаси Миллий банки акциядорлик жамияти Матбуот хизмати ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари учун Жиззах вилоятига ташкил этилган пресс-тур давомида банк кредит маблағлари орқали воҳада амалга оширилаётган йирик ва самарали лойиҳалар билан яқиндан танишув бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бу борада молия муассасаларига муҳим вазифалар юклатилган. “Ўзмиллийбанк” АЖ бу йўналишда ишбилармонларга ишончли молиявий ҳамкор сифатида фаолият юритмоқда.
Банкнинг Жиззах вилояти бош бошқармаси ҳозирда 320 мингдан зиёд жисмоний ва юридик мижозларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Айни пайтда юридик мижозлар сони 6 мингдан, жисмоний шахслар сони эса 50 мингдан ошиб кетган.
Бошқарма таркибида 3 та банк хизматлари маркази (Жиззах амалиёт, Индустриал ва Мирзачўл БХМ) ҳамда 1 та банк хизматлари офиси (Пахтакор БХО) фаолият юритмоқда.
Сўнгги 12 ойда 5400 дан ортиқ мижозга жами 544,8 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилган. 2025 йил октябрь ҳолатига кўра, банкнинг умумий кредит портфели 3,3 триллион сўмни ташкил этади. Шундан 915 нафар тадбиркорлик субъектига 2,46 триллион сўм, 15 минг 900 дан ортиқ фуқарога эса 838,4 миллиард сўмлик кредит маблағлари берилган.
Банкнинг ҳудудий дастурларига кўра, Жиззах вилоятидаги 4 та туман ва шаҳардан 26 та маҳалла фаолияти “Ўзмиллийбанк”ка бириктирилган бўлиб, 26 маҳалла агентлари ва 8 маҳалла банкирлари иш фаолиятини олиб бормоқда.
[gallery-26101]
Жорий йилнинг январь–октябрь ойларида банк кўмагида 17 минг 634 нафар аҳоли бандлиги таъминланган. Шундан 7447 нафари доимий ишга жойлашган, 10 минг 187 нафари эса тадбиркорлик фаолиятига жалб этилган.
Жиззах вилояти табиий бойлик ва иқтисодий имкониятлар уйғунлашган ҳудуд сифатида жадал ривожланмоқда. Тадбир иштирокчилари вилоятдаги бир қатор самарали лойиҳалар билан яқиндан таништирилди.
“Нурли тўлқин” холдинг компанияси хорижий технологиялар асосида турли турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқаради. Йиллик қуввати 460 минг тоннани ташкил этувчи завод асфальт, битум-эмульсия ва минерал кукун тайёрлайдиган кичик корхоналарни ҳам ўз ичига олади.
– Цехимиз “Ўзмиллийбанк” кредит маблағлари ҳисобига жорий йил март ойида “Нурли тўлқин” холдинг компанияси тизимида барпо этилди, – дейди техник хизмат бошлиғи Икром Шоназаров. – Бу ерда 140 нафар ишчи меҳнат қилади. Хитой давлатида ишлаб чиқарилган “Нурли тўлқин” корхонасига қарашли 500 га яқин махсус техника мавжуд бўлиб, уларга техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, иш жараёнида таъмирлашга муҳтож бўлиб қолган техникалар айнан ушбу цехимизда таъмирланади. Тўлиқ механизациялашган ушбу цехимизда бир вақтнинг ўзида 40–45 та техника турлари таъмирланади. Цехимизга Туркия ва Эрон мутахассислари келиб, бу ердаги яратилган шароитларга юқори баҳо бердилар. Ишчи ва хизматчилар учун ҳам барча зарур шароитлар яратилган.
– “Ўзмиллийбанк”дан кредит олиб, ишни 25 киши билан бошлаганмиз, – дейди “Ultra Beton” — инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш маркази директори Умид Асроров. – 7,5 гектарлик умумий майдонга эга корхонамизда ҳозир 180 дан ортиқ ишчи фаолият юритмоқда. Ҳар ой 18–20 минг куб метр ҳажмда 15 турдаги темир-бетон ва суюлтирилган қоришма бетон маҳсулотлари йўл ва иншоотлар қурилиши учун ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимиз бутун республика бўйича буюртма асосида етказиб берилади.
Бир вақтлар донғи кетган Шароф Рашидов номидаги комбинат бундан 40 йил муқаддам инқирозга юз тутиб, унга тегишли бўлган иншоотлар қаровсиз ва ташландиқ ҳолатга келиб қолганди. 2019 йилдан “Ўзмиллийбанк” ва корхонанинг ўз маблағлари ҳисобига 97 миллион еврога ана шу объект тубдан қайта қурилиб, сўнгги русумдаги энг замонавий хорижий ускуналар билан жиҳозланди ва комбинат 2024 йилда ўз фаолиятини қайта бошлади.
– Ҳозирги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилгач, 450 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, бир ойда 12 минг тонна каллава ишлаб чиқарилмоқда, – дейди цех бошлиғи Миркомил Норматов. – 2027 йилгача иккинчи босқич фаолиятини бошлагач, тўқув ва тикиш цехлари ишга тушади ва жами 2500 та иш ўрни яратилади. Унда ҳар ой 3 миллион дона чойшаб ҳамда 13 миллион дона болалар, аёллар ва эркаклар ички кийимлари ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Маҳсулотларимизнинг катта қисми экспортга йўналтирилади.
Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жамоат транспорти тизимида брутто-шартнома усули жорий этилди. Ушбу ислоҳотларни амалга оширишда “Ўзмиллийбанк” етакчи молиявий шерик сифатида иштирок этмоқда.
Жиззах шаҳрида “Бизнинг куч” МЧЖга 2,7 миллион АҚШ доллари (19,2 миллион юан) миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Бу маблағлар ҳисобига 30 дона “Yutong” русумли автобус сотиб олинди ва 35 та иш ўрни яратилди.
– Аҳоли янги автобуслардаги қулайликлар ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизматдан бениҳоя мамнун, – дейди корхона таъсисчиси Ғайрат Мавлонов. – Ҳозирда бу автобусларимиз учун шаҳарда 2 та янги йўналиш ташкил этилиб, йўловчиларга намунали хизмат кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, 80 та йўналишсиз такси, 2 та туристлар учун хизмат кўрсатувчи махсус автобус ва 14 та микроавтобусимиз ҳам мавжуд бўлиб, жами 120 дан ортиқ киши доимий иш билан таъминланди.
Замонавий таълим лойиҳаси бўлмиш “Jizzax International” хусусий мактабида 55 нафар ўқитувчи ва тарбиячи 620 нафар ўқувчига ўзбек, рус ва инглиз тилларида намунали таълим бериб келмоқда.
– “Ўзмиллийбанк”дан 1 миллион 300 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, Жиззах тиббиёт техникумига қарашли бўш турган ётоқхонани ижарага олиб, тубдан қайта таъмирладик. Энг сўнгги русумдаги замонавий хориж жиҳозлари ўрнатилди ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб бера оладиган мактабга айланди, – дейди мактаб директори Фотима Абдуллаева. – Ҳар куни ўқувчиларимиз иссиқ овқат ва ярим нонушта билан таъминланмоқда. Ушбу ётоқхонанинг бўш турган 4-қаватини ҳам ижарага олиб, “Ўзмиллийбанк” АЖдан яна кредит олиб, мактабимиз қошида болалар боғчасини очишни режалаштирганмиз.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзмиллийбанк” АЖ мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хизматлар соҳасидан тортиб саноат ва таълим йўналишларигача бўлган кенг қамровли лойиҳаларни молиялаштиришда ишончли ҳамкор сифатида фаолият юритиб келаётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.
Банкнинг асосий мақсади — иқтисодий барқарорлик ва юрт тараққиёти йўлидаги ҳамкорлик тамойилларига содиқ қолишдир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА