Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг салмоғи йил сайин ошиб бормоқда.
Уларга яқиндан ёрдам бериб келаётган “ЎзМиллийбанк” хизматлари эса бутун республика бўйлаб кенг тарқалмоқда.
«FORWARD TRANS TERMINAL» МЧЖ “ЎзМиллийбанк” томонидан ажратилган кредитлардан ўринли фойдаланаётган корхоналардан бири. Мазкур корхона Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида жойлашган.
Мазкур корхонанинг асосий фаолияти бўш контейнерларни қабул қилиш, сақлаш, юк ортиш ва тушириш операциялари, катта ҳажмли ва оғир юкларни жойлаштириш ва сақлаш, транспорт-экспедиторлик хизматларини тақдим этишдан иборат.
– Корхонамиз 2014 йилда ташкил топган, – дейди «FORWARD TRANS TERMINAL» МЧЖ менежери Шоҳрух Маматов. – Терминал умумий майдони 5,1 гектарни ташкил қилади. Ҳозирги кунда корхонамизда 50 дан ортиқ ишчи хизмат қилмоқда. Уларнинг 80 фоизини ёшлар ташкил этади. Корхонамиз 2020 йилда «Ўзбеклизинг» ва Латвиянинг «Urban Trading» компанияси билан уч томонлама келишув имзолаган. Мазкур келишувга мувофиқ «ЎзМиллийбанк» 520 минг евро миқдорида кредит маблағи ажратди. Мазкур кредитга Францияда ишлаб чиқарилган техникаларни харид қилдик. Мазкур техникалар иш унумдорлигини 80 фоизга оширмоқда. Бизнинг корхонамиз бир ойда 1600та контейнер импорт маҳсулотларини сақлаш салоҳиятига эга. Контейнерлардан асосан Хитой давлатига экспорт қилишда кенг фойдаланилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “ЎзМиллийбанк” ўзбек логистика соҳаси ривожланишига катта ҳисса қўшаётир.
Корхона 3 йилдан ортиқ фаолияти давомида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича изланибгина қолмай, таклиф этилаётган хизмат турларини ҳам кўпайтириб келмоқда. Жумладан, корхона мижозларга автопоезддан вагонга қадар юкни охиригача ўз манзилига етказиш, экспедиторлик ва логистика, контейнерларни темирйўл ва автотранспорт орқали етказиб бериш, терминалда контейнерларга хизмат кўрсатиш, божхонада юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликларни бартараф этиш, темирйўл контейнерларини махсус омборларда сақлаш каби хизмат турларини амалга оширмоқда.
Корхонанинг умумий узунлиги 714,90 метрни ташкил этувчи иккита шахсий темирйўл линияси 32 тонна юк кўтариш имкониятига эга, 20 ва 40 фут юк ортилган контейнерларни тушириш ва юклаш учун мўлжалланган КК-32 портал крани,1500 кв метрни ташкил этувчи божхона зонаси мавжуд.
МЧЖда 600 контейнер жўнатиш, 700 контейнер тушириш, бир вақтнинг ўзида 1200 контейнерни сақлаш, бир ойда 5 дан 7 гача контейнер поездларини жўнатиш имконияти мавжуд.
Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб -қувватлаш, самарали лойиҳаларни молиялаштиришга кўмаклашишни мақсад қилган Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки 2021 йилда 540 лойиҳага 16,5 триллион сўм кредитлар ажратишни мўлжалламоқда.
[gallery-880]
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА