Инсон ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашда хизмат кўрсатиш соҳасининг ўрни катта. Шу сабабли мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда тижорат банкларининг қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этаётир.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳам хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишларни йўлга қўйган. Буни жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасида истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 1,5 триллион сўм кредит маблағи ажратилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. қўллаб-қувватлаши натижасида фаолият бошлаган, ишини янада ривожлантирган тадбиркорлар сафи йилдан йилга кенгаймоқда.
Мирзо Улуғбек туманидаги гўзаллик салонига берилган 300 миллион сўм имтиёзли кредит тадбиркорга мадад бўлди. Бу ерда 5 киши иш билан таъминланди.
[gallery-12151]
– “Skin Beauty” МЧЖ корхонамиз 2021 йилда ташкил топган, – дейди корхона раҳбари Машариф Қаландаров. – Фаолиятимиз косметология хизматлари кўрсатишга мўлжалланган. Даставвал хизматларимиз онлайн равишда амалга оширилган, кейинчалик Миллий банкнинг Тошкент шаҳар филиалидан олинган кредит ҳисобига ўз биномизга эга бўлдик ва мижозларга тўғридан-тўғри хизмат қилиш имконияти яратилди.
Яшнобод тумани Махтумқули кўчасидаги "AVTORITET CAR WASH" МЧЖ да 50 киши меҳнат қилади.
– Тўғрисини айтсам, бугун тадбиркорлар учун энг қулай давр бўлмоқда, – дейди корхона иш бошқарувчиси Алишер Абдуллаев. – Банклар томонидан уларнинг бизнес режалари ўз вақтида молиялаштирилаётгани эса ишбилармонларга ишонч бермоқда.
Яшнобод тумани Олтинтепа кўчасида жойлашган "MADI MEDICAL" МЧЖ га Миллий банк томонидан 1 миллиард сўмдан зиёд узоқ муддатли имтиёзли кредит ажратилган. Мазкур маблағ корхонада кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, жарроҳлик амалиётлари кўламини ошириш, янги амбулатор-стационар тиббиёт пунктини жиҳозлашга сарфланди.
– Ҳақиқатдан ҳам бугун тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди клиника директори Мадина Озодова. – Айниқса, ёш ишбилармонлар учун берилаётган имкониятлар мақсадларимиз рўёбига хизмат қилмоқда. Миллий банкнинг Янгиобод филиалидан олинган имтиёзли кредит эвазига клиникамизга энг замонавий тиббий жиҳозларни олиб келиб ўрнатдик. Жумладан, лапороскопия стойкаси, сунъий нафас бериш аппарати ва бошқа мураккаб ҳамда ноёб жарроҳлик амалиётларини ўтказишга мўлжалланган тиббий ускуналар ўрнатилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқ. Тиббиёт муассасаси ишга тушгандан сўнг 10 янги иш ўрни яратилади.
Таъкидлаш лозим, хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш натижасида одамлар ҳаёти, турмуш тарзи янада яхшиланади. Давлатимиз раҳбари томонидан хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда ўзига хос рағбат бўлмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ,
Матбуот хизмат