English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзмиллийбанк филиаллари биноларида қуёш энергияси технологиялари жорий этилмоқда
17:02 / 2023-02-22

Бугунги кунда ҳар бир соҳада энергия тежовчи технологияларни ва муқобил энергия манбаларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мамлакатимизда энергия самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзмиллийбанки ҳам таркибий тузилмалари ва ҳудудий филиалларини қуёш фотоэлектрик станциялари  

ва қуёш сув иситиш қурилмалари билан жиҳозламоқда. Президентимизнинг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежамкор технологиялар ўрнатиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлди.

Жумладан,  2022 йилда Тошкент шаҳридаги 13 та филиалнинг маъмурий биносига  218,5 миллион сўм эвазига 4 600 литр ҳажмдаги 23 дона қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди. Қуёш энергияси ҳисобидан ўртача бир ойда 92  минг литр иссиқ сув иқтисод қилинди. Банкнинг 24 та филиалига ўрнатилган 120 кВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станциялари ҳам ўз самарасини берди. Жумладан, ўртача бир ойда 28 минг 800 кВт электр энергияси тежалди.  

Банк тизимида жорий йилда ҳам бу борадаги амалий ишлар давом этмоқда. Жумладан, 2023-2024 йилларда биноларга қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмалари (гелиоколлектор) ўрнатиш бўйича махсус режа белгиланди. Унга кўра жорий йилда 12,6 миллиард сўм эвазига 59 та банк филиалида 1145 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилади. 12 000 литр ҳажмдаги 60 та қуёш сув иситиш қурилмалари ва 1080 дона қуёш энергияси асосида ишлайдиган ташқи ёритиш чироқлари ўрнатилади. Булар барчаси банкда иш унумдорлигини ошириш баробарида, ўртача бир ойда 229 минг кВт электр энергияси тежаш имконини беради.  

Нилуфар Бозорова, ЎзА