Таъкидлаш жоиз, айни пайтда Банкда комплаенс йўналишида мунтазам ва самарали фаолият олиб борилмоқда. Жумладан, “Комплаенс таваккалчилиги блоки” томонидан Бош банкнинг тегишли таркибий тузилмалари ходимлари иштирокида муҳим семинар ташкил этилди. Ушбу семинарда Давлатимиз раҳбарининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолатини яхшилашга қаратилган алоҳида эътибори натижасида амалга оширилган бир қатор муҳим институционал ислоҳотлар, шунингдек, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар атрофлича муҳокама қилинди. Бундан ташқари, 2025 йил 6 октябрдаги ПҚ-296-сон “Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган вазифалар банк ходимларига тушунтириб берилди.
Банк томонидан қабул қилинган ва юридик кучда бўлган ички меъёрий ҳужжатларни таҳлил қилиш, янги ҳужжатларни рақобат қонунчилиги бузилиши жиҳатидан ўрганиш ҳамда рақобат ҳужжатлари талаблари бузилишини мониторинг қилиш ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Бу фаолият доирасида рақобатни ёки истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чеклайдиган нормаларни аниқлашга қаратилган ички ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган чораларни ишлаб чиқиш яхши самара бермоқда.

Ходимларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида “Монополияга қарши назорат тизимини жорий этишнинг аҳамияти” ҳамда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартиришлар” мавзуларида ўқув семинарлари ўтказилди. “Sapsf” электрон платформасида якуний тест синовлари ўтказиш орқали ходимларнинг натижалари аниқланди. “Комплаенс таваккалчилиги блоки” томонидан ҳудудий бўлинмалар ходимларини ҳам онлайн платформа орқали бу каби ўқув машғулотларига жалб этиш тадбирлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан монополияга қарши комплаенс тизимининг фаолият юритиши ва ривожлантирилиши банкнинг соғлом рақобат муҳити ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоячиси сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда.
Камола Юсупова,
ЎзА