Гендер тенглиги. Аслида, бу мавзуда тўхталиш шарқона қарашлар асосида вояга етган чинакам зиёли инсонлар учун адолат мезони сифатида қаралса, яна бир тоифадаги кишилар учун анъаналарнинг бузилиши деганидир. Айнан ана шу иккинчи назария хотин-қизларнинг нафақат оилада, шунингдек, жамиятда ҳам ўрнини топа олмаслиги ҳамда камситилишига сабаб бўлади. “Аёл эркакдан бир поғона паст туриши керак”, деган фикр унинг шахс сифатидаги ҳуқуқ ва эркинликлари чекланишига, мажбуриятлари эса ортишига олиб келади. Хўш, бунинг оқилона ечими нимада?
БМТ Бош Aссамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида белгиланган. 2014 йилда БМТ Бош котиби хотин-қизларга нисбатан зўравонликларни бартараф этишга қаратилган “UNiTE” номли ташаббусини эълон қилди. Шу кундан бошлаб ҳар йили дунё миқёсида 25 ноябрдан 10 декабрь кунига қадар “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Мамлакатимизда эса сўнгги йилларда айнан хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилишнинг қонуний асослари вужудга келди. Бу борадаги салбий қарашларга ўта муросасиз бўлган ва нозик жинс вакилларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий база яратилди. Хотин-қизларнинг билим олиши, касб танлаши, ўзи танлаган соҳада фаолият олиб бориши, шунингдек, жамоат ишларида иштирок этиши, раҳбарлик лавозимини эгаллашида эркакларникидан фарқ қилмаган ҳуқуқларга эга эканлиги кенг тарғиб қилина бошланди. “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остидаги тадбирлар ҳам айнан шу ғояни ўзида акс эттиргани билан долзарблик касб этмоқда.
Таъкидлаш зарур, “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этди ва банкнинг барча вилоят Бош бошқармаларида, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Aндижон, Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Сирдарё вилоятларида “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, жамоатчилик вакиллари, хотин-қизлар масалалари бўйича масъуллар, ҳуқуқшунос олимлар ва дин ишлари бўйича мутахассислар иштирокида маънавият тадбирлари ташкил этилди.
Давра суҳбатларида миллий қонунчилигимиздаги инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг асослари, шахснинг ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати ва шаънининг ҳамма нарсадан устун эканлигини ифода этадиган мисоллар келтирилди.
–Аёл кишининг оилада ҳурмат, эътиборга сазовор бўлиши унинг жамиятда ҳам қадр топишига сабаб бўлади. Қолаверса, фарзандлар тарбиясида ҳам бунинг катта таъсири бор, – дейди “Ўзмиллийбанк” ижро аппарати лойиҳа менежери Нилуфар Қосимова. – Онанинг ўрни ва меҳрини ҳис этган болаларнинг келажакка ишончи ҳам юксак бўлади. Мақсадлари ва истаклари йўлида курашувчан ҳамда интилувчанлик фазилатлари шаклланади. Асосийси, жамият ривожи ва мамлакат тараққиётида ҳам бунинг ижобий натижаларини кўриш мумкин. Шу боис биз бу сингари тадбирларда фаол иштирок этяпмиз ва сафимиз янада кенгайиши тарафдоримиз.
Албатта, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш хотин-қизларнинг мавқейини мустаҳкамлаш билан бирга, эртанги кунга бўлган ишончини ҳам оширади. “Ўзмиллийбанк” АЖ эса бу борада ҳар доим хотин-қизларни қўллаб-қувватлайди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати