Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзмиллийбанк” АЖ: “Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси давом этмоқда
16:57 / 2022-12-07

БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюциясига кўра “25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш куни” деб белгиланган. 2014 йилда эса БМТ Бош котиби хотин-қизларга нисбатан зўравонликларни бартараф этишга қаратилган “UNiTE” номли ташаббусини очиқ деб эълон қилди. Шу муносабат билан ҳар йили дунё миқёсида 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади.

“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан “Истиқболли авлод” ижтимоий -ахборот маркази билан ҳамкорликда ўтказилган семинарда ҳам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Ушбу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани қайд этилди.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, қонунчиликни шакллантириш ва қонун устуворлигини таъминлаш йўналишида сўнги тўрт йилда хотин-қизлар манфаатларига доир, халқаро стандартлар асосида 24 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Шу қаторда 2030 йилгача гендер тенглигига эришиш стратегияси ҳам ишлаб чиқилди. Бугунги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари, жумладан, “Ўзмиллийбанк” АЖ ва Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан кўплаб опа-сингилларимизга ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кредитлар ажратилмоқда. Бундан ташқари, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида аёллар учун янги иш ўринлари яратилмоқда.

[gallery-9893]

Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги "Оила ва хотин- қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ҳам мазкур ҳужжат ижроси доирасида "Оилавий зўравонликни олдини олишга ҳар биримиз масъулмиз” ҳамда "Биз оилавий зўравонликка қаршимиз” мавзуларида тадбир ва семинарлар ўтказилмоқда. Шунингдек, банкнинг меҳнат жамоасида хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

– Жамиятимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка чек қўйишни оиладан бошлаш керак, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖнинг хотин-қизлар қўмитаси раиси Светлана Дмитриева. – Улғаяётган ҳар бир гўдак тарбияни уйидаги муҳит, яъни онаси, опа-синглиси, атрофидаги хотин-қизларга қилинаётган муомаладан олади. Шунинг учун мамлакатимиз келажаги бўлган ёш авлодни тўғри тарбиялашимиз ва мақсад сари йўналтиришимиз зарур.

Шунингдек, семинар давомида жамиятимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида сўнгги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кундалик ҳаётимизга тўлиқ ва тўғри татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида мутахассислар томонидан батафсил маълумот берилди.

– Президентимизнинг 2019 йилда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни айрим опа-сингилларимиз ҳаётида туб бурилиш ясади, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖнинг ходимлар билан ишлаш департаменти, ходимларни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Нигора Мажидова. – Ушбу қонун хотин-қизлар ҳуқуқларига бўлган муносабатни ўзгартирди ва белгиланган янги кафолатларни ҳаётга адолатли татбиқ этишда муҳим омил бўлди.

Семинарда аёлларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни жамиятдаги мавқеини янада оширишга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.

Нилуфар Бозорова, Даврон Эрназаров (сурат) ЎзА