English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ўзмиллийбанк" АЖ: юқори молиявий кўрсаткичлар — кредит рейтинглари ошишининг асоси
15:04 / 2025-12-26

Сўнгги йилларда Ўзбекистон банк сектори Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган тизимлардан бирига айланди. Барқарор иқтисодий ўсиш, молия бозорини босқичма-босқич эркинлаштириш ва давлат дастурларини амалга ошириш кредитлашнинг кенгайиши, омонатлар базасининг ўсиши, рақобатнинг кучайиши ва банк хизматларини жадал рақамлаштиришга хизмат қилди.

Банк сектори трансформацияси ва Ўзмиллийбанкнинг ўрни

2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра банк тизимининг жами активлари 866,8 трлн сўмга, кредит портфели 582,2 трлн сўмга, омонатлар ҳажми 371,4 трлн сўмга ва умумий капитали 130,4 трлн сўмга етди. Банк секторининг соф фойдаси 10 875,9 миллиард сўмни ташкил этиб, бу сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлди.

Бозорда турли ривожланиш моделлари ва ўсиш стратегияларига эга бўлган 35 та тижорат банки фаолият юритмоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки активлари, кредитлари, омонатлари, капитали ҳажми, иқтисодиётни молиялаштиришдаги иштироки кўлами ва банк тизими барқарорлигини таъминлашдаги ўрни бўйича мамлакатнинг энг йирик молия институти ва тизимли аҳамиятга эга банки мақомини сақлаб қолмоқда.

Ушбу мақоланинг мақсади молиявий кўрсаткичлар асосида Ўзбекистон банк секторининг ривожланиши нуқтаи назаридан Ўзмиллийбанкнинг мавқеини таҳлилий кўриб чиқиш, унинг баланси таркиби ва динамикаси, ресурс базаси, даромадлилиги, операцион самарадорлиги ва халқаро капитал бозорларига киришини баҳолаш, шунингдек банк барқарорлиги ва тизимли аҳамиятининг асосий омилларини белгилашдан иборат.

Банк тизимида Ўзмиллийбанкнинг кўлами ва барқарорлиги

Активлар ва бозор тузилмасидаги ўрни

Ўзбекистон банк сектори активларнинг ишончли ўсишини кўрсатмоқда: 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, уларнинг умумий ҳажми 12,7 фоизга ўсиб, 866,8 трлн сўмга етди. Бунда Ўзмиллийбанкнинг активлари 145,1 трлн сўмни ташкил этди. Бу банкка баланс кўлами бўйича миллий рейтингда биринчи ўринни ва бутун банк тизими активларида 16,7 фоиз улушини таъминлади.

Ўзмиллийбанк активларининг сўнгги беш йил (2020-2024 йиллар) ва 2025 йилнинг тўққиз ойидаги динамикаси барқарор ўсишни кўрсатмоқда:

Ўзмиллийбанк активларининг 2025 йилнинг тўққиз ойида 7,5 фоизга ўсиши чакана кредитлаш ҳисобига ўсишни кўрсатаётган банкларга нисбатан мўътадил ҳисобланади. Бу банкнинг ташқи иқтисодий фаолият, инфратузилма, транспорт, энергетика ва геология соҳаларида йирик, таркибий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиришга стратегик йўналганлигини акс эттиради.

Ўзмиллийбанк активларининг валюта таркиби: диверсификация ва мослашувчанлик

Ўзмиллийбанк доимгидек хорижий валютадаги активларнинг юқори улуши билан ажралиб туради. Бу унинг ташқи иқтисодий фаолият, экспорт ва импорт операциялари, шунингдек халқаро инвестиция лойиҳаларига хизмат кўрсатишга ихтисослашганлиги билан боғлиқ. Шу билан бирга, банк миллий валютадаги портфелини ҳам изчил ошириб бормоқда.

Банкнинг валюталар бўйича активлари таркиби

2025 йил 1 январь ҳолатига:

· активларнинг 65,5 фоизи — хорижий валютада;

· 34,5 фоизи — миллий валютада.

2025 йил 1 октябрь ҳолатига:

· активларнинг 62,3 фоизи — хорижий валютада;

· 37,7 фоизи — миллий валютада.

Тўққиз ойда активларнинг сўмдаги улуши 3,2 фоизга ошди. Бу банк валюта активлари сегментида асосий ўйинчи бўлиб қолиш билан бирга, балансни миллий валюта фойдасига диверсификация қилаётганидан далолат беради.

Активларнинг катта ҳажми, хорижий валютанинг юқори, аммо босқичма-босқич камайиб бораётган улуши ва сўмдаги ўсиб бораётган портфелнинг уйғунлиги Ўзмиллийбанк учун қатор рақобатбардош устунликлар беради:

· банк ҳам миллий, ҳам хорижий валютадаги операцияларга йўналтирилган мижозларга самарали хизмат кўрсата олади;

· валюта хавфи пасайиб, курс ўзгаришларига барқарорлик ортади;

· ташқи иқтисодий конъюнктура ўзгариши шароитида активлар ва пассивлар таркибини бошқаришда мослашувчанлик таъминланади.

Захиралар ва таваккалчиликларни бошқариш

Ўзмиллийбанк тизимдаги энг йирик активлар захираларини шакллантириб, бу унинг консерватив хавф профилининг асосий элементи ҳисобланади. Яратилган захиралар миқдори 2025 йил 1 октябрь ҳолатига 10,2 трлн сўмни ташкил этиб, бу бозорда 33 фоиз улушга эга бўлган ҳолда мамлакатдаги барча банклар орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Захиралар кўлами кредит хатарини бошқариш ва эҳтимолий стресс-вазиятлар учун “молиявий захира”ни шакллантиришга нисбатан илғор ёндашувни акс эттиради. Катта захираларнинг мавжудлиги банкка ўзгарувчан бозор шароитида активлар сифатини ва баланс барқарорлигини сақлаб қолиш имконини бериб, назорат органлари, инвесторлар ва халқаро ҳамкорларнинг ишончини мустаҳкамлайди, шунингдек хавф профилини ёмонлаштирмасдан активларни янада кўпайтириш учун имконият яратади.

Капитал ва тартибга солиш нормативлари

2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, банк тизимининг умумий капитали 13,6 фоизга ўсиб, 130,4 трлн сўмга етди. Капитал ҳажми бўйича йирик банклар орасида Ўзмиллийбанк биринчи ўринни эгаллаб турибди: унинг капитали 19,4 трлн сўмни ташкил этиб, бозор улушининг 15 фоизига тўғри келади. Кейинги ўринларда Агробанк (13,7 трлн сўм, 11 фоиз), СҚБ (11,4 трлн сўм, 9 фоиз), Халқ банки (10,2 трлн сўм, 8 фоиз) ва Асакабанк (8,1 трлн сўм, 6 фоиз) жойлашган.

Ўзмиллийбанк капиталининг сўнгги беш йил (2020-2024 йиллар) ва 2025 йилнинг тўққиз ойидаги динамикаси барқарор ўсишни кўрсатмоқда:

Ўзмиллийбанкнинг капитал етарлилигини тартибга солувчи кўрсаткичлари Марказий банкнинг минимал талабларидан сезиларли даражада юқори:

· капиталнинг умумий етарлилик коэффициенти (САR) – 19,0 фоиз (МБ меъёри – 13 фоиз);

· Tier 1 коэффициенти – 16,1 фоиз (меъёр – 10 фоиз);

· левереж коэффициенти – 11,4% (меъёр – 6 фоиз).

Ушбу рақамлар ривожланган бозорлар кўрсаткичларига мос келиб, банкнинг иқтисодиётни кредитлаш фаоллигини пасайтирмасдан юзага келиши мумкин бўлган инқирози вазиятларни енгиб ўтиш қобилиятини тасдиқлайди. Кучли капитал позицияси юқори захиралар даражаси билан биргаликда Ўзмиллийбанкнинг Ўзбекистон банк секторидаги тизим шакллантирувчи институт мақомини мустаҳкамлайди.

Ўзмиллийбанк бизнес модели барқарорлигининг ташқи мустақил баҳоланиши

2025 йилнинг тўққиз ойи якунига кўра, Ўзмиллийбанк Ўзбекистоннинг энг йирик, барқарор ва тизимли аҳамиятга эга банки мақомини сақлаб қолди. Юқори капиталлаштириш, тизимдаги энг катта захиралар ҳажми, мувозанатли кредит портфели, диверсивикациялашган ресурс базаси ва барқарор молиявий натижалар унинг ишончлилиги ва иқтисодиётдаги узоқ муддатли ўрнини таъминламоқда.

Эришилган молиявий натижалар ва амалга оширилган институционал ўзгаришлар етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан юқори баҳоланди. Комплекс таҳлил натижаларига кўра, “Fitch Ratings”  ва “S&P Global Ratings” яқинда Ўзмиллийбанкнинг узоқ муддатли кредит рейтингларини “BB-“ даражасидан “BB” даражасига кўтариб, уларни Ўзбекистон Республикасининг барқарор прогнозли суверен рейтингига тенглаштиришди.

Ушбу қарор банк операциялари кўлами, барқарор капиталлашуви, мувозанатли хавф профили ва бизнес моделининг изчил ўзгариши натижасида эришилган умумий самарани, унинг мамлакат иқтисодиётидаги тизимли аҳамиятини, шунингдек мустақил халқаро таҳлилчиларнинг Ўзмиллийбанкнинг молиявий профили ва институционал ролига бўлган юқори ишончини акс эттиради.

Мақоланинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Банк ахборот хизмати