Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзмиллийбанк” АЖ ёшларни қўллаб-қувватлайди
18:22 / 2021-06-17

Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ вакиллари, ҳоким ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувдан олдин “Ўзмиллийбанк” томонидан самарқандлик фаол ёшлар учун Банк мижози бўлган “Стеклопластик” масъулияти чекланган жамияти бўйлаб “бизнес саёҳат” ташкил қилинди.  

Маълумот ўрнида йтиб ўтиш керакки, “Ўзмиллийбанк” раҳбарияти билан бўлиб ўтган олдинги очиқ мулоқотлар давомида тадбир иштирокчилари томонидан йирик лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш, тадбиркорларнинг фаолиятидан хабардор бўлиш ва уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида “Ўзмиллийбанк” билан ҳамкорлик қилувчи йирик ишлаб чиқариш корхоналарида ёшлар учун “бизнес саёҳат” ташкил этиш таклифи илгари сурилган эди.  Ушбу таклиф Банк раҳбарияти томонидан маъқулланиб, биринчи “бизнес саёҳат” да иштирок этиш имконияти Самарқанд ёшларига насиб этди.  

Эрта тонгдан “бизнес саёҳат” иштирокчиалари учун маҳсус автобус буюртма қилиниб, Самарқанд шаҳридан унча узоқ бўлмаган “Стеклопластик” МЧЖ фаолияти билан танишиш учун йўл олинди.  

Корхона маҳсулотлари, ишлаб чиқариш жараёнлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Энг муҳими, корхона раҳбарияти ёшларнинг ўз фаолиятларига мос инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.  

– Банк томонидан ташкил этилган “бизнес саёҳат” доирасида “Стеклопластик” МЧЖ фаолияти билан танишиб, ишлаб чиқариш имкониятлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали талабаси Дилшод Баҳриддинов. – Тўғрисини айтсам, вилоятимизда бундай корхона борлигини билмагандим. Ўқиш билан бирга қатор инновацион лойиҳалар устида ишлаяпман. Шу пайтгача хонадонда ис газини аниқлаш индикаторини яратдим. Бунинг афзаллиги шундаки, қурилма хонада ис газини тезда аниқлаш билан бирга у ҳақда хонадон соҳибининг қўл телефонига хабар жўнатади. Ушбу лойиҳам вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиб, стартап лойиҳани амалга ошириш учун молиявий кўмак берилиши маълум қилинган эди. “Стеклопластик” МЧЖ раҳбарияти билан бўлган мулоқот давомида ушбу қурилмани мазкур корхона ишлаб чиқариш имконияти мавжудлигини айтишди.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган учрашувнинг асосий қисми Самарқанд шаҳар марказидаги Ёшлар маркази биносида ўтказилди. Унда “Ўзмиллийбанк” Бошқарув Раиси ўринбосари Азамат Курамбаев, Самарқанд шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Акрам Эгамов, Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев самарқандлик фаол ёшлар, стартап муаллифлари билан бевосита мулоқот қилди.

Азамат Курамбаев давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу интилишларини рўёбга чиқариш учун етарли шароитларни яратишга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлади. Ушбу ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда “Ўзмиллийбанк”  бошқаруви ҳам мамлакатимиз ёшларини истиқболли тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб, ёш тадбиркорлар сафини кенгайтиришни ўзининг асосий вазифаларидан бири, деб ҳисоблашини маълум қилди.

Учрашувда ёшлар ўз таклифлари, мурожаатлари ва саволларига мутасаддилардан батафсил жавоб олди.

– Айни пайтда Хитойнинг Нанжинг фан ва технологиялар университетининг биринчи босқич талабасиман, – дейди стартап лойиҳа муаллифи Достон Эсонов. – Ўқиш онлайн давом этаётганлиги боис, дўстларим билан шаҳримиздаги IT-park филиалида мазкур йўналишдаги лойиҳаларимиз устида ишлаяпмиз. Лойиҳаларимиз самарадорлигини ошириш мақсадида S.W.A.T. group жамоасини туздик. Жамоамиз билан гид-робот, кўзи ожизлар учун инновацион ҳасса бўйича лойиҳаларимиз тайёр. Бугунги учрашувда Миллий банк раҳбариятига инновацион ҳассамизнинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот бердик. Мазкур ҳасса махсус сигналлар орқали кўзи ожиз инсонларни олдиндаги тўсиқлар ҳақида олдиндан хабардор қилади. Унинг синов ишлаб чиқаришини амалга ошириш учун 27 миллион сўм маблағ зарур. Бу маблағга 100 та инновацион ҳасса ишлаб чиқариш мумкин.

[gallery-2830]

Учрашув давомида Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси Фарангиз Худоёрованинг турли касб эгалари учун чет тилларини ўргатишга мўлжалланган методик қўлланма лойиҳасига ҳам банк раҳбарияти томонидан катта қизиқиш билдирилди ва уни амалга оширишга банк мижозлари бўлган инвесторларни жалб қилишда кўмак берилиши таъкидланди.

Мулоқот давомида банк кредитларини олиш, имтиёзли кредитларни кўпайтириш, стартап лойиҳаларни амалга оширишда молиявий кўмак бериш билан боғлиқ савол ва таклифлар, мурожаатлар билдирилди. Мутасаддилар томонидан барча савол ва таклифлар, мурожаатлар ёзиб олинди ва тегишли тартибда кўриб чиқилиб, жавоби маълум қилиниши қайд этилди.

“Ўзмиллийбанк” бошқаруви билан ўтказилган учрашув якунида беш ташаббус бўйича ўтказилган республика миқёсидаги танловлар, беллашувлар, мусобақаларда совриндор бўлган ёшларга банк раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, Банк мижози бўлган корхона ташкилотлар томонидан бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар берилди.

 

 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА