Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзмиллийбанк” АЖ ходимлари акцияда фаол қатнашди
12:19 / 2022-12-02

Тошкент шаҳридаги 49-оилавий поликлиникада “Онкогематологик касалликларни биргаликда енгамиз” шиори остида “Донорлик билан ҳаёт гўзал!” акцияси ўтказилди. Унда вазирлик, ташкилот ва идораларнинг ходимлари кўнгилли ва ихтиёрий равишда иштирок этди. “Ўзмиллийбанк” АЖ ходимлари ҳам акцияга фаол қатнашди.

– Қон ва унинг таркибий қисмлари бемор ҳаётини сақлаб қолишда муҳим воситадир, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ марказий амалиёт филиали бош юрист консульти Азиза Қувондиқова. – Ўтган йили фарзандимни операция қилдирганимизда унга қон қуйиш керак бўлди. Ушбу вазиятда жуда қийналдик. Шундан биламанки, бу каби хайрия акциялари юзлаб кишиларга, қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаши ва уларнинг соғайиб кетишида муҳим аҳамият касб этади.  

Инсон организмида 4,5-5 литр қон бўлиб, 500 мл.гача қон топшириш организм учун хавфсиз ҳисобланади. Ҳар бир донорлик амалиётида ўртача 350-450 мл қон олинади. Маълумотларга қараганда қон топширган одам нисбатан инсульт ҳамда инфарктга чалинмас экан.  

[gallery-9806]

– Бугунги акцияда ташкилот ва идоралардан 300 нафардан ортиқ ходим кўнгилли иштирок этмоқда, – дейди Тошкент шаҳар 49-оилавий поликлиника бош шифокори Файзулло Одинаев. – Бу жараёнда донорнинг соғломлик даражасини аниқлаш биринчи вазифамиз ҳисобланади. Шунингдек, номзоднинг кўрсатмалари, тиббий сўровнома, гемоглобин, қон гуруҳи ва резус факторни аниқлаш учун қон таҳлиллари олинади.  

–Акциянинг тарғиботи барча кўнгиллиларни бирлаштирди. Муҳтож беморлар, қалби ўксик фарзандларимиз учун биринчилардан бўлиб қон беришга доим тайёрмиз. Айниқса, ушбу хайрли амаллар кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берадиган бўлса, ўша инсон ўзини янада бахтли ҳис этаркан. Донорлар ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу ниятли кишилардир, – дейди акция иштирокчиси, “Ўзмиллийбанк” АЖнинг хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гўзал Ҳамроқулова.  

Шунингдек, “Донорлик билан ҳаёт гўзал!” акцияси доирасида “1 декабрь – ОИТС га қарши курашиш куни”, “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” мавзуларида семинар ҳам ташкил этилди. Унда Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси мутахассислари, соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари томонидан мавзуга оид маълумотлар берилди.  

 

Нилуфар Бозорова,  

Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА