Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзмиллийбанк” АЖ: Учқудуқда 16 та лойиҳа амалга оширилади
09:33 / 2022-06-20

Бугун юртимизда хизмат кўрсатиш соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Чунки бу соҳа кенг қамровлилиги билан иқтисодиётда, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолини иш билан таъминлашда, шунингдек, аҳоли даромадларининг ошишида муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадларда ички маҳсулот таркибидаги улушини ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган хўжалик субъектларига қатор имконият ва имтиёзлар жорий этилмоқда.

– Туманимизда асосан, тиббиёт, савдо, меҳмонхона хизмат кўрсатиш, мактабгача таълим йўналишларида лойиҳалар амалга оширилмоқда – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Учқудуқ филиали бошқарувчиси ўринбосари Шерзод Омонов. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ хизмат кўрсатиш соҳасида 10 та лойиҳага 14 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган. Натижада юзга яқин иш ўрни яратилган. Жорий йилда эса хизматлар соҳасини янада ривожлантириш мақсадида 16 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, 120 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун эса 8 миллиард сўм атрофида маблағ сарфланади.

[gallery-7630]

Шерзод Холиқов асли Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидан. Учқудуқ кончилик коллежини тамомлаган. Юртимизда тадбиркорликни, хусусан ўрта ва кичик бизнесни ривожлантиришга қаратилаётган имкониятлар, соҳага берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, “Ўзмиллийбанк” АЖ билан ҳамкорлик қилган ҳолда “Shaxzodbek Platinum Plus” МЧЖ фаолиятини йўлга қўйган. Мазкур корхона қандолатчилик, маиший техникалар, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконларни жамлаган маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

– 2021 йил декабрь ойида фаолият бошладик, – дейди Шерзод Холиқов. – Фаолиятимизни йўлга қўйиб олиш учун 5 йил муддатга “Ўзмиллийбанк” АЖдан 2 миллиард сўм миқдорида кредит олдик. Олган кредитни дўконимизни жиҳозлашга ишлатдик. Шунингдек, Хитой давлатидан болалар ўйингоҳи учун керакли ускуналарни олиб келяпмиз.

Бугунги кунда мазкур супермаркетда маҳаллий аҳоли вакилларидан 50 нафарга яқин фуқаро иш билан таъминланган. Уларнинг 10 нафари ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи фуқаролардир.

Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА