Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзмиллийбанк” АЖ тадбиркорларнинг энг яқин кўмакчиси
16:22 / 2022-06-17

Бугунги кунда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим вазифалардан бирига айланган. Озиқ-овқат маҳсулотлари ичида эса нон ва нон маҳсулотлари тайёрлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Нон – халқимизнинг энг азиз ва севимли неъматларидан бири саналади. Ҳозирга қадар кексаларимиз нонни исроф қилмаслик, унинг уволи тўғрисида насиҳатлар қилади. Дарҳақиқат, рўзғоримиз баракаси ҳам ноннинг сероблиги билан ўлчанади. Уйга меҳмон келса, албатта, биринчи навбатда нон ушатилади. Меҳмонга борсак, беморни йўқласак нон олиб борамиз. Қаерда бўлмайлик, қаерга бормайлик, нон доимий ҳамроҳимиз.

Зарафшон шаҳридаги “Premium Service Zarafshan” МЧЖ нафақат савдо-сотиқ билан, балки нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан ҳам шуғулланади. Мазкур корхонада ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 639 миллион сўм маблағ сарфланган. Маблағнинг 439 миллион сўми “Ўзмиллийбанк” АЖ Зарафшон шаҳар филиали томонидан имтиёзли шартларда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган.

– Цехимизда маҳсулот ишлаб чиқариш сифати ва ҳажми йил сайин ошмоқда, – дейди МЧЖ директори Дилшод Исматов. – Корхонамизда 50 хилдаги нон ва нон маҳсулотлари, ширинликлар ишлаб чиқарилади. Банкдан олинган имтиёзли кредит эвазига цехга Туркиянинг “Kumkaya” нон пишириш ускуналари олиб келинди. Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимизни ўзимизнинг 2 та савдо дўконимизда сотамиз.

Қолаверса, шаҳримиздаги бошқа савдо дўконларига ҳам арзон нархларда етказиб берамиз.

[gallery-7613]

Дастлаб 8 киши билан иш бошлаган тадбиркор бугунги кунда 30 нафар фуқарони иш билан таъминлаган. Улар орасида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизлар ҳам бор.

– Ишлаётганимга қарийб уч йил бўлди, – дейди Кумсай Шаванова. – Дастлаб нон цехида фаолият бошлаганман. Ҳозирда миллий ширинликлар ишлаб чиқариш цехида ишлаяпман. Ойлик маошларни ўз вақтида олиб турибмиз. Энг муҳими, оиламиз фаровонлиги учун ҳисса қўшаётганимдан мамнунман. 

Ҳаммамиз дугона, опа-сингил бўлиб кетганмиз. Бир-биримизга ёрдам бериб, биргаликда, ҳамкорликда ишлаймиз. Кайфият яхши бўлса, чарчоқ ҳам сезилмайди. Дам олишимиз учун барча шароитлар яратилган.

Корхона йилига 100 миллион сўмлик нон ва нон маҳсулотлари, шунингдек, миллий ширинликлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Тадбиркор Дилшод Исматовнинг таъкидлашича, келгусида фаолиятни янада кенгайтириш ниятида. Бунда, албатта, “Ўзмиллийбанк” энг яқин кўмакчи бўлади.

Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА