Бухоро вилоятида ҳам қуёш панелларидан фойдаланиш кўлами ортмоқда. Хусусан, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг вилоятдаги филиаллари ҳам бу борада фаоллик кўрсатяпти.
Серқуёш заминда яшаш – бахт. Ундаги имкониятлардан самарали фойдаланиш эса фаровон турмушни таъминловчи бош омил саналади. Шунга мувофиқ, айни пайтда мамлакатимизда муқобил энергияни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Аҳоли хонадонлари, ижтимоий ва иқтисодий соҳа объектларида босқичма-босқич қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Бухоро вилоятида ҳозирга келиб 700 дан ортиқ давлат корхоналари энергия тежовчи технологиялар билан жиҳозланган. Хусусан, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг вилоятдаги филиалларида ҳам бундай замонавий қурилмалар ўрнатилиб, фаолият самарадорлиги таъминланмоқда.

— Президентимиз ташаббуси билан қуёш панеллари ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди Миллий банкнинг Когон тумани филиали ходими Саломат Жумаева. – Жумладан, бизнинг Миллий банкимизда ҳам қуёш панеллари ўрнатилди. Ушбу қуёш панелларининг ўрнатилганлиги мижозларга узлуксиз хизмат кўрсатиш имконини бермоқда. Бундан олдин электр энергияда қисқа узилишлар бўлиб, мижозларга хизмат кўрсатишда муаммолар бўларди.
Когон шаҳридан ташқари, банкнинг Қоракўл, Ғиждувон, Ромитан туман филиалларида ҳам бу қурилмалардан самарали фойдаланилмоқда. Бу ўз навбатида мижозларга сифатли хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Ғиждувон филиали туманнинг марказида жойлашган, – дейди Миллий банкнинг Ғиждувон тумани филиали ходими Умид Очилов. – Олдинлари электр энергиясида қисқа узилишлар кузатиларди. Қуёш панеллари ўрнатилгандан сўнг, мижозларга хизмат кўрсатишда ҳам самарадорлик ошди. Банкимизда катта генератор бўлишига қарамасдан электр энергиясида узилишлар бўлган пайт генераторни ёқиб ўчиришда узилишлар кузатилар эди. Унга яна ёқилғи сарфланарди. Қуёш панелларнинг фойдали томони ҳеч қандай маблағ сарфланмайди.
Маълумот учун, Миллий банк томонидан шу вақтга қадар Когон шаҳрида 5 КВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган бўлса, яна худди шунча қурилмалар ўрнатилиши режа қилинган. Шунингдек, Ғиждувонда 30, Ромитанда 10, Қоракўлда 5 ҳамда Бухоро шаҳрида 40 КВт қувватли мосламаларни ўрнатиш ишлари якунига етказилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА