Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзмиллийбанк” АЖ: Олтиариқда транспорт-логистика хизмати ривожланмоқда
18:45 / 2023-08-16

Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани миришкорлари деҳқончилик соҳасида ўзига хос тажриба мактабини яратган. Шу сабабли Олтиариқ узуми, ўрик, шафтоли, олма, бодринг, турп каби мева-сабзавотлар нафақат мамлакатимиз, балки узоқ-яқин хориж давлатларида ҳам харидоргир.

Туманда 3 минг гектар ерда узум боғи барпо этилган бўлиб, жорий йилда 67 минг тонна узум маҳсулотини экспорт қилиш режалаштирилган. Шу мақсадда 68 минг 300 тонна сиғимга эга 83 музлатгичли омборхоналар бунёд этилган. Бу йил якуни билан Олтиариқда қарийб 100 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.  

Тадбиркор Адҳамжон Абдураҳмонов бир неча йиллардан буён “Ўзмиллийбанк” кредитларидан фойдаланиб, боғдорчилик фермер хўжалиги, транспорт-логистика маркази фаолиятини тобора кенгайтириб бораётир. Шунингдек, тадбиркор томонидан Германия, Нидерландия технологияси асосида 3 минг тонна сиғимга эга музлатгичли омборхона ташкил этилган. Пишиқчилик мавсумида энг сара мева-сабзавотлар захирага жамғарилиб, қиш-баҳор ойларида МДҲ давлатларига экспорт қилинади.  

– Банк кредитлари ёрдамида босқичма-босқич 70  олис масофага юк ташишга мўлжалланган замонавий автомашиналар харид қилиб, “Ўткир мантранс” транспорт-логистика маркази фаолиятига асос солинди, – дейди тадбиркор. – Бошланишида битта техника билан бошланган фаолиятимиз бугунги кунда “Ўзмиллийбанк” Фарғона вилояти бош бошқармасининг молиявий кўмагида 70 тага етди. Ҳамкорлигимиз эса янги лойиҳалар билан давом этмоқда. Бу йил Ўзмиллийбанкнинг хорижий кредит линиясидан фойдаланиб, яна 10  дона юк машиналари олиб келиш бўйича шартнома имзоланди.  

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектида 100 дан зиёд иш ўринлари яратилган, ҳар ойда ўртача 1200-1300 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари МДҲ давлатлари бозорларига етказиб берилмоқда. Ҳозирда туманда етиштирилган сархил меваларни Европа, араб давлатларига экспорт қилиш мақсадида ўрганиш ишлари давом этяпти.  

Тадбиркорнинг алоҳида қайд этишича, “Ўзмиллийбанк” мижозларини юксак қадрлаб, лойиҳаларни амалга оширишда ҳамиша эътибор ва рағбат кўрсатади. Мисол учун, қарийб 90 фоиз банк хизматларидан онлайн фойдаланаётгани унга вақти ва маблағини тежаш имконини бермоқда. Доимий ва ишончли мижоз бўлганлиги учун ҳозирданоқ банк мутахассислари унга “2024 йил учун қандай бизнес-лойиҳаларни режалаштиряпсиз ва бунинг учун қанча миқдорда кредит маблағи керак?” дея мурожаат қилишгани эътиборга лойиқ.  

Имконият ва имтиёздан унумли фойдаланган ҳолда тадбиркор яқин келажакда узумни саноат усулида қайта ишлаб, шарбат тайёрлаш, табиий усулда қадоқлаш ва экспорт қилишни мақсад қилган.  

“Ўзмиллийбанк” АЖ эса бу каби ишбилармон, тадбиркорлар учун ишончли ва мустаҳкам молиявий манба сифатида ҳамкорликка доимо тайёр.

“Ўзмиллийбанк”АЖ

Матбуот хизмати