“Ўзмиллийбанк” АЖ август ойида “Молиявий саводхон маҳалла” лойиҳаси доирасида ўз ўқув машғулотларини муваффақиятли якунлади.
Лойиҳа доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ Тошкент шаҳрининг турли туманларидан бириктирилган кутубхоналарда молиявий саводхонлик машғулотларини юқори савияда ўтказди. Миробод тумани “Қўйлиқ ота” ва “Темирйўлчилар” МФЙ, Олмазор тумани “Пахта” ва “Қичқириқ” МФЙ, Учтепа тумани “Кўкча Оқтепа” МФЙ, Чилонзор тумани “Бўрижар” МФЙ, Юнусобод тумани “Халқабоғ” ва “Тикланиш” МФЙ, Яшнобод тумани “Парвоз” ва “Дўстобод” МФЙ, Яккасарой тумани “Бобур” МФЙ, Сергели тумани “Кенгмакон” ҳамда Мирзо Улуғбек тумани “Боғимайдон” МФЙ кутубхоналарида ўтказилган тадбирлар шулар жумласидандир.
[gallery-25028]
Машғулотлар “Пул тарихи ва банкноталар” мавзусига бағишланди. Иштирок этган кичик иқтисодчилар пулнинг пайдо бўлиш тарихи, банкноталарнинг яратилиши, ҳақиқий ва қалбаки пулларни ажратиш усуллари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлди, шунингдек, турли мамлакатлар валюталари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Дарс жараёнида болалар ўрганган билимларини мустаҳкамлаш учун турли жамоавий ўйинларда иштирок этди ва ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. Машғулотлар давомида болаларнинг юзидаги қувонч ва илҳом тадбирларнинг қанчалик самарали ва қизиқарли ўтганини яққол намоён этди. Ушбу ўқув машғулотларида 300 нафардан зиёд ёшлар ҳамда 20 га яқин ота-оналар қамраб олинди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ учун болаларнинг билим ва саводхонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар бу келажакка қўйилган энг қимматли инвестициядир. Лойиҳа доирасида ўтказилган тадбирлар орқали ёш авлоднинг молиявий саводхонлигини ошириш ва уларнинг иқтисодий билимларини чуқурлаштиришда муҳим қадамлар қўйилди.
Камола Юсупова,
Ойбек Пардаев (сурат),ЎзА