English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзмиллийбанк” АЖ: миллийлик қадриятларимиз зийнати
16:52 / 2023-09-28

“Саккизтепки”, “Марғилон машъали”, “Самарқанд оқшоми”, “Фарғона йўллари”, “Шодиқара”, “Тири камон”, “Лайли”, “Ширин”, “Олтин калит” ва ҳоказо номлар билан аталган миллий матоларимиздан бўлган атласнинг ўзига хос тарихи, жозибадорлиги ва аҳамияти бор. Шу боис азал-азалдан ўзбек хотин-қизларининг кийим жавонини хон атлас, адрасларсиз тасаввур қилиш қийин. Унинг бетакрор кўриниши, ранглари ва нақшлари кўрган кўзни қувнатиб, ҳар қандай фаслда ҳам баҳорий кайфиятни бахш этади. Аслида миллийлик ҳар бир халқ маънавий бойлигининг ажралмас қисми. Шу боис сўнгги йилларда ана шу қадриятлар занжирини давом эттириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташаббуси билан ўтган йилдан бошлаб 28 сентябрь санаси “Хон атлас фестивали” сифатида нишонланадиган бўлди. “Ўзмиллийбанк” АЖ хотин-қизлари мазкур фестивалда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу йил ҳам банк жамоаси хотин-қизлари “Хон атлас фестивали”да пешқадамликни қўлдан бой бермади. Ҳудудлардаги бошқармалар ва БХМ да фаолият олиб бораётган банк ходимлари мижозларни одатдаги иш формасида эмас, аксинча, миллий либосларда, байрамона кайфиятда қарши олди. 

[gallery-13776]

– Ҳақиқатан либос инсонни безайди, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖнинг Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва ижтимоий дастурларни мувофиқлаштириш департаменти мутахассиси Ҳусния Эргашева. – Бугун ҳамкасбларимизни ёрқин ранглар акс этган миллий либосларда кўриб тўғриси, халқимизнинг қадриятлари ва одатларига яна бир бор тан бердим. Атлас кўйлагимда ўзимни жуда бардам ва бошқача ҳис этяпман. Бу фестивални йилда бир марта эмас, кўпроқ ташкил этиш керак. Шоирнинг "Муҳайё, Сурайё, Раъно, Муқаддас, кўзимни яшнатиб кийибсиз атлас", деган сатрлари “Хон атлас фестивали”да иштирок этган Ўзмиллийбанк жамоаси хотин-қизларининг бугунги шиорига айланди. 

– Бизнинг доимо расмий кийимда юришимизга ўрганган мижозларимиз миллий либосларда кўриб жуда хурсанд бўлишди, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Марказий амалиёт бошқарувчиси ўринбосари Элина Сафиуллина. – Фақат байрам ва тадбирларда кийиладиган атласларимиз ҳақиқатан хотин-қизларимизга жозиба, мафтункорлик бағишлаган. Банк хизматларидан фойдаланиш мақсадида келган кексаю ёшга эса ўзгача кайфият улашмоқда. Эрта тонгдан бошланган байрамона муҳит иш унумдорлиги ва мижозларнинг ҳам кайфиятига ижобий таъсир кўрсатди. Асосийси миллатимизнинг бой маданияти ва умрбоқий қадриятлари жамоамизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатида ўзига хос тарзда тараннум этилди. 

“Ўзмиллийбанк” АЖ Матбуот хизмати