Жазирама ёз мавсуми салқин, бетакрор табиат қўйнида саёҳат қилиш, кутилмаган таассуротларга бой дамларни ўтказиш, мароқли ҳордиқ чиқариш учун энг қулай пайт. Аксарият юртдошларимиз айни шу кунларда хорижда дам олишни афзал кўришади. Юртимизда табиати ва мусаффо ҳавоси билан хориждан қолишмайдиган шундай масканлар борки, бу ерга бир бор келган киши қайта-қайта келгиси келаверади.
Жиззах вилояти Зомин тумани ана шундай сўлим масканлардан бири ҳисобланади. “Ўзбекистон Швейцарияси” номини олган бу жойда туризмни ривожлантиришга қаратилган эътибор ўзига хос акс садо бермоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Матбуот хизмати томонидан ОАВ вакиллари учун ташкил этилган навбатдаги Пресс-турда туризм йўналишида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан танишилди.
Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг 2021 йил 6 апрелдаги “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижроси доирасида туманнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратиш, халқаро умуммавсумий курортлар, меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Зомин” туристик-рекреацион зонаси, хусусан “Суффа плато”сида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир.
[gallery-18438]
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан барпо этилган замонавий дор йўли ва кўп қаватли автотураргоҳ қурилишига қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) билан бирга 127 миллиард 900 миллион сўм сарфланди. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида 2022 йил июнь ойида дунёга машҳур Швейцария компанияси “Bartolеt AG” билан дор йўли учун ускуналар етказиб бериш ва монтаж қилиш бўйича 6 миллион 720 минг евро қийматида шартнома имзоланди.
– “Зомин” осма дор йўли 2023 йил 25 августда тўлиқ фойдаланишга топширилди, – дейди “Зомин” осма дор йўли бош админстратори Акбархўжа Газиев. – Бу осма дор йўли 12 минорали 11 устундан ташкил топган. Шу билан бирга, 11-миноранинг баландлиги 35 метрни ташкил этади. 8- ва 9- устунлар орасидаги энг катта масофа 615 метрни, ерга қадар энг юқори баландлиги эса 74 метрни, дор йўлининг энг катта қиялиги 42 даражани, қуйи станциянинг денгиз сатҳидан баландлиги 1 минг 961 метрдан зиёдни, юқори станцияси эса салкам 2 минг 491 метрни, станциялар ўртасидаги баландлик фарқи 529 ярим метрни ва дор йўлининг узунлиги 2 минг 102 метрни ташкил этади.
Мижозларни ташиш учун “Порше” студиясида ишлаб чиқилган ҳар бири 8 ўриндиқли 35 та кабина мавжуд. Максимал ҳаракатланиш тезлиги 6 метр дақиқани, ҳаракатланиш чоғида кабиналар орасидаги масофа 141 метрни ташкил этади. Максимал ўтказиш қобилияти (бир томонлама) соатига 1 минг 200 кишигача хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Маълумот учун, мазкур кабиналарнинг техник созлигини текшириш ва назорат қилиш мақсадида ҳафтанинг ҳар душанба куни профилактика тадбирлари ўтказилади. Худди шу куни дор йўлида мижозларга хизмат кўрсатиш вақтинча тўхтатилиб, 45 нафар мутахассислар кабиналарнинг техник хавфсизлигини назоратдан ўтказади. Сабаби туристларнинг нафақат мароқли ҳордиқ чиқариши, балки хавфсизлиги ҳам муҳим масаладир.
Бундан ташқари, мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида дор йўлининг пастки станция ҳудудида йиғма металл конструкциялардан фойдаланган ҳолда 365 автомобиль сиғимига мўлжалланган 5 қаватдан иборат автотураргоҳ халқаро андозалар асосида қурилган. У сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтда дор йўли, автотураргоҳ, ресторан ва кичик кафеда 70 га яқин ёшлар доимий иш билан таъминланган. Келгусида ушбу дор йўли қурилиши давом эттирилиб, 2030 йилгача яна бир неча километрга узайтирилиши режалаштирилган. Демак ҳеч шубҳасиз яна янги иш ўринлари бир неча баробарга ортади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан “Зомин” ТРЗ ҳудудида “Zomin wellness” соғломлаштириш (СПА) маркази ташкил этилган. Лойиҳанинг умумий майдони 0,65 гектардан иборат. Бинонинг умумий майдони 1 минг 694 метр квадрат, шу жумладан, асосий хоналар майдони 1 минг 400, ички ҳовли 127,6 ва ертўла 166,4 метр квадратни ташкил этади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ буюртмаси асосида қурилган ушбу марказда мижозларнинг дам олишлари ва соғломлаштириш хизматларидан фойдаланишлари учун барча шароитлар яратилган. Соғломлаштириш маркази дизайни замонавий услубда ишлаб чиқилган. Ечиниш-кийиниш хоналари, душ, эркаклар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ҳожатхона, 4 та массаж хонаси, фин саунаси, зарбли бассейн, рус ва турк ҳаммомлари, дам олиш майдони, “тузли ғор” хонаси, диаметри 4 метр бўлган болалар бассейни билан бирлаштирилган 10,4х22 метр ҳажмдаги катталар бассейни, офтобда тобланиш учун махсус креслолар зонаси, фито-бар ҳамда терраскали очиқ ички айвон сайёҳлар хизматида. Бундан ташқари, хизмат кўрсатувчилар ва ишчилар учун хоналар ҳамда СПА ва бассейнга хизмат кўрсатиш учун техник ертўла мавжуд.
Давлат экспертизасидан ўтган лойиҳа-смета ҳужжатларига кўра, объектдаги қурилиш-монтаж ишлари қиймати ҚҚС билан бирга 48 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан лойиҳа қисқа муддатда амалга оширилиб, ҳозирги вақтда барча тизимлар ишламоқда. Туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда. Бугунги кунда 15 нафар ёшлар ишлаётган “Zomin wellness” соғломлаштириш маркази мижозларга самарали хизмат кўрсатмоқда.
“Зомин” туристик-рекреацион зонаси(ТРЗ)даги арчалар билан ўралган “Суффа плато”сида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан евростандарт асосида чидамли ёғоч материалидан 41 та шалъе услубидаги ички ва ташқа сайёҳларга мўлжалланган уйлар барпо этилаётгани эътиборга молик.
– Ушбу уйларнинг 10 таси тўлиқ битган, 19 тасининг том қисми ва ташқи фасадида сўнгги жиҳозлаш ва пардозлаш ишлари олиб борилмоқда, – дейди “Голд степ” қурилиш фирмаси иш бошқарувчиси Бобохон Эсонқулов. – Ушбу шалъе услубидаги котежларнинг қурилиш майдони 110, 130 ва 150 квадрат метрни ташкил этиб, улар 3 ва 4 та оилавий ётоқ ўрнига мослаштирилган.
Котежлар жаҳон стандартига тўла жавоб беради. Қишда иситиш тизими пол тагидан, ёзда совуткичли кондиционер ўрнатилган. Ҳар бир шалъеда оилалар учун алоҳида-алоҳида душ, ванна, ҳожатхоналар мавжуд. Ошхона умумий бўлиб, бу ерда музлатгич, электро-печь, грил ва бошқа шунга ўхшаш тансиқ парҳезбоп таомларни пишириш учун махсус электро-духовка, идиш товоқ ювиш ва сақлаш шкафи, ҳар бир хона телевизор ва барча зарур қаттиқ ҳамда юмшоқ жиҳозлар билан таъминланган.
Сайёҳлар гўзал табиат қўйнида барча қулайликларга эга ушбу шалъеларда мириқиб дам олади. Тоза тоғ ҳавосидан нафас олиб, арчазорларда сайр қилади.
Журналистлар пресс-тур давомида Зомин шаҳарчасида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан бунёд этилган бошқа объектлар фаолияти билан ҳам таништирилди.
– Шаҳарчанинг энг гўзал, сўлим гўшасида жойлашган “Зоминсой” меҳмонхонаси 2023 йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топширилди, – дейди меҳмонхона иш бошқарувчиси Диёр Ўринбоев. – Бу ерда 15 нафар маҳаллий ёшлар ишлайди. 4 қаватли ушбу меҳмонхона 41 та хонадан иборат бўлиб, 86 ўринга мўлжалланган, 35 та “Твен” ва 6 та ҳар бири 3 кишилик оилавий хоналар мавжуд. Яна меҳмонхонанинг 3 ва 4-қаватларида қуёшда тобланиш учун махсус айвонли хоналар ҳам бор. Булардан ташқари, бир вақтнинг ўзида 50 нафар меҳмонни нонушта билан сийлашга мўлжалланган ошхона, конференция ҳамда фитнес заллари ҳам меҳмонлар хизматида.
Мазкур меҳмонхона билан бир вақтнинг ўзида фойдаланишга топширилган муҳташам “Боғишамол” ресторани меҳмонлар билан доимо гавжум. Емакхона 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, у ерда 10 нафар қўли гул ошпазу официантлар миллий таомлардан тортиб, Шарқ, Европа, турк ва Кавказ халқлари таомларини тайёрлаб келмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Матбуот хизмати томонидан Жиззах вилоятига қилинган Пресс-турнинг илк куни Зомин туманида бўлиб ўтди. Пресс-турнинг иккинчи кунида журналистлар Жиззах шаҳрида банк томонидан молиялаштирилган сервис йўналишидаги янги лойиҳалар билан танишадилар.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ ЎзА