Аввал хабар берганимиздек, “Ўзмиллийбанк”АЖ Матбуот хизмати Наманган вилояти бўйлаб ОАВ иштирокида Пресс-тур ташкил этди. Унда Банкнинг молиявий кўмаги иштирокида ишлаб чиқариш, саноат, бизнес ва хизмат кўрсатиш тармоғида фаолият юритаётган ва янги иш ўринлари яратишда муносиб ҳисса қўшаётган ишбилармонлик субъектлари фаолияти ўрганилди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда заргарлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда Ўзмиллийбанкнинг муносиб ҳиссаси бор. Шу боис навбатдаги манзил Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган "GAVHAR JEWEL"заводи бўлди.
Завод 2021 йилдан буён заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда. Корхонанинг ўзига қарашли устахоналари ва дўконлари мавжуд бўлиб, улар орқали маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилади. Ҳозирда корхонада 80 нафардан ортиқ ишчи хизмат кўрсатади.
Корхона фаолияти давомида доимий равишда технологик янгиликларни жорий этиб, дизайн ва сифатга алоҳида эътибор қаратади. Компания маҳсулотлари харидорлар орасида юқори талабга эга бўлиб, бренд сифатида шаклланиб бормоқда.
Корхонанинг 16 млрд сўмлик лойиҳасининг 15 млрд сўмини банк кредити ташкил этади.
-Корхонамиз асосан Туркия, Италия ва АҚШ технологиялари асосида жиҳозланган бўлиб, дунё брендлари билан беллаша оладиган даражадаги заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш борасида тажрибамизни ошириб бормоқдамиз,-дейди корхона раҳбари Омилбек Тиллабоев. – Президентимизнинг соҳани ривожлантириш мақсадида 2024 йилнинг 23 июлида қабул қилган Фармони айнан биз учун катта имконият бўлди. Бунда заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга биржа савдолари ва тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиб олинган қимматбаҳо металларни “Олмалиқ КМК” АЖ ва “Навоий КМК” АЖга бормасдан бевосита “Ўзмиллийбанк” АЖнинг омборхоналаридан олиш имкони пайдо бўлди.
Ҳозирда корхонада 70 га яқин заргарлар ўз брендларини танитиш мақсадида янги-янги имижлар устида ишламоқда.
Хизмат кўрсатиш тармоғининг етакчи йўналишларидан бири бўлган мактабгача таълим банк молиялаштираётган соҳаларнинг энг муҳими саналади. Наманган вилоятининг Уйчи туманида фаолият кўрсатаётган “BABY BORK” номли хусусий боғчаси фикримизга қувватдир.
Ҳозирда мазкур муассасада 150 га яқин болажонлар таълим -тарбия олади. Таълим жараёни ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Шунингдек тарбияланувчилар учун гимнастика, рақс ҳамда шахмат-шашка машғулотлари йўлга қўйилган.
-Ҳар бир гуруҳимизда 30 та болани қамраб олган ҳолда таълим жараёнини олиб борамиз, - дейди боғча мудираси Дилноза Содиқова. - 18 нафар педагоглар уларга ўқув машғулотларини ўтказади. Муассасасизда икки ёшдан 7 ёшгача бўлган болажонлар тарбияланади. 7 ёшли болажонлар учун махсус мактабга тайёрлов гуруҳларида дарс жараёнлари олиб борилади. Боғчамизда замонавий талабларга мос барча шароитлар муҳайё. Шу боис нафақат яқин ҳудудлардан, бошқа тумандан ҳам болажонларни қабул қилганмиз.
Тадбиркор ота-оналар ва болажонлар учун янада қулай бўлишини кўзлаб, тарбияланувчиларни уйидан олиш ва етказиш мақсадида Банкнинг молиявий кўмагида мини автобус харид қилинди. Шунингдек, бинони зарур ва керакли жиҳозлар билан таъминланди.
Ҳозирда ҳудудда боғчага бўлган талаб ҳамда эҳтиёжни ҳисобга олиб фаолиятини яна кенгайтириш истагида.
-Бунда яна банкнинг молиявий кўмагига суянамиз. Боғча қамровини 150 нафардан 300 нафарга ошириб, ишчилар сони 50 тага етказиш режамиз бор,-дейди биз билан суҳбатда Дилноза Содиқова.
Банк билан ҳамкорликдаги “LSL School” ихтисослаштирилган хусусий мактаби ҳам Пресс-тур дастурининг навбатдаги манзили бўлди.
Банк билан ҳамкорликдаги “LSL School” ихтисослаштирилган хусусий мактаби ҳам Пресс-тур дастурининг навбатдаги манзили бўлди. Ушбу таълим муассасасида асосан, аниқ фанлар ва хорижий тилларга ихтисослаштирилган.
-Даставвал ўқув маркази сифатида фаолиятимизни бошлаганмиз-дейди мактаб директори Анвар Ўринов.- Ўша пайтдан бошлаб Ўзмиллийбанкнинг Наманган шаҳридаги БХМ мижози бўлганмиз. Ўтган йили эса талаб ва таклифларни инобатга олган ҳолда ўқув йилини янги мактабда бошладик. Қамров 400 нафар ўқувчига мўлжалланган. Бир йиллик натижаларимиз жуда яхши бўлди. Битирувчи ўқувчиларимизнинг аксарияти хориж тилларини ўрганиш бўйича сертификатларни қўлга киритиб, муддатидан аввал талаба бўлишди.
Мактабни ўрганар эканмиз, бинонинг замонавий қиёфаси, синф хоналарининг шинам ва ҳар бир фан доирасида жиҳозланганлиги, ўқувчиларнинг машғулотларга иштиёқи, ҳамда ўқитувчиларнинг таълимга бўлган талабини кўриб, бугунги ёшларга ҳавас қилдик рости.
Таълим муассасасининг раҳбари айтишича, ҳозир яна бир ҳудудда худди шундай замонавий архитектура асосида 7 қаватли мактаб биноси қурилиш жараёнида. Уни янги ўқув йилига очилиши режалаштирилган. Жиҳозлаш борасида тадбиркор, Банкнинг молиявий кўмагидан фойдаланиш истагида эканлигини маълум қилди.
Таъкидлаш жоиз, “Ўзмиллийбанк” АЖ Наманган вилояти Бош бошқармаси томонидан бугунги кунда 320 мингдан ортиқ аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга сифатли ва тезкор банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, ҳозирда банкдаги юридик мижозларимиз сони 17 мингтани ва жисмоний шахс бўлган мижозларимиз сони 303 мингтани ташкил этади.
Банкнинг Наманган вилоят Бош бошқармаси таркибида 4 та Банк хизматлари кўрсатиш марказлари (“Наманган амалиёт”, Уйчи, Чортоқ ва Учқўрғон БХМлари) ва 4 та Банк хизматлари офислари (Тўрақўрғон, Косонсой, Чуст в Сардоба БХОлари) мавжуд.
Шундан, 2025 йил феврал ойида Наманган шаҳрида “Сардоба” номли янги БХО ташкил этиб, фойдаланишга топширилди.
Банк томонидан охирги 12 ой давомида 9,3 минг нафардан ортиқ мижозларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб 719,1 млрд. сўмлик кредитлар ажратилган бўлиб, 2025 йил 1 май ҳолатига кредит портфелидаги кредитлар салмоғи 1,6 трлн. сўмни ташкил этмоқда.
Шундан, 450 нафар тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар 616 млн. сўмни ҳамда 16,4 мингнафардан ортиқ фуқароларга ажратилган кредитлар қолдиғи 1 трлн. сўмни ташкил этади.
Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, шунингдек тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида Ўзмиллийбанкка 5 та туман ва шаҳарлардан жами 91 та МФЙлар бириктирилган.
Ушбу маҳаллаларда ишлар ташкил қилиш учун 91 та маҳалла агентлари ва 28 маҳалла банкирлари штатлари яратилган.
2025 йил январь-апрел ойлари мобайнида банк томонидан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жами банк томонидан жорий йил январь-апрель ойларида жами 12 180 нафар аҳоли даромадли меҳнат билан банд қилинди.
Жумладан:
- 3 140 нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилди;
- 9 040 нафар аҳоли тадбиркорликка жалб қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзмиллийбанк бугун иқтисодиётимиз ривожи йўлида бизнес ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳар доим ишбилармонлар билан ҳамкорликка тайёр.
Зотан, эл тараққиёти йўлида камарбаста бўлиш банкимиз қадриятларининг энг муҳим тамойилларидан биридир.
Хулоса қилиб айтганда, бугун Наманганда ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашда “Ўзмиллийбанк”АЖ фаол иштирок этмоқда. Бу эса ўз навбатида, ҳудуднинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга ва янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда.
“Ўзмиллийбанк”АЖ
Матбуот хизмати