Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш, жамиятимизда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Бош офисида “9 декабрь – халқаро коррупцияга қарши курашиш” кунига бағишланган “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. Тадбирда “Ўзмиллийбанк” АЖ тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар, шу жумладан фаолият турларини рақамлаштириш ва инсон омилини бартараф этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Йиғилишда Банк раҳбарияти, бош офиси ва ҳудудий Бош бошқармалари ходимлари, мижозлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. “Ўзмиллийбанк” раҳбарияти томонидан “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларнинг асосий мақсади ходимларда коррупцияга, унинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чораларини кўриш эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш банкда ташкил этилган Комплаенс назорат ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасига юклатилгани қайд этилди.
– Банкимизда тузилган коррупцияни олдини олиш бўйича менежмент тизимини халқаро стандартларга мос равишда ташкиллаштириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Филиалларда комплаенс назорат ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Ҳасан Усманов. –Хусусан, риск менежмент тизимини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш вазифаси доирасида Банкда барча рискларни (хатар) аниқлаш, баҳолаш, фирибгарлик ҳолатларини олдиндан аниқлаш ҳамда банкнинг барча операцияларидаги риск (хатар) даражасини онлайн режимда назорат қилиш жараёнларини автоматлаштириш, ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ва улар томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймасликлари устидан назорат тизимини такомиллаштириш ишлари амалга оширилди. Бир қанча янги ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, мавжуд ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Таъкидланишича, “Ўзмиллийбанк” АЖ ходимларини коррупцияга қарши курашиш йўналиши бўйича ўқитиш ва малакасини ошириш тегишли ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлар ҳамда Ўқув дастурлари асосида олиб борилмоқда. Ички назоратни (комплаенс-назорат) амалга ошириш бўйича масъул таркибий бўлинма ходимлари малакасини ошириш, уларда ушбу соҳада назарий ҳамда амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида халқаро тажрибага эга ташкилотлар жалб қилинмоқда ва якунлари бўйича ходимлар ISO 37001: “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимлари” бўйича сертификатларга эга бўлмоқда. Бундан ташқари, банкнинг барча ходимлари, шу жумладан, янги ишга қабул қилинган ходимлар, коррупцияга қарши курашиш йўналиши бўйича автоматлаштирилган SAP (Success Factors Learning Management System) тизими орқали ўқитилиб, малака оширяпти.
Анжуманда банк тизимида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида мижозлар томонидан тезкор хабар бериш имконини берувчи алоқа каналлари, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалар яратилгани, “Cаll-cеntеr” фаолияти ишга туширилгани алоҳида қайд этилди.
Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурати) ЎзА