Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида энг чекка қишлоқларда ҳам шаҳар марказларидагидан қолишмайдиган замонавий шифо масканлари қад ростламоқда.
Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини давр талаблари даражасига кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, хусусий тиббиёт муассасалари сони ортиб, касалликни барвақт аниқлаш, ташхис қўйиш ва даволашда янги, замонавий тиббий жиҳоз ва аппаратлардан фойдаланилмоқда. Энг муҳими, вилоят марказидан олис бўлган ҳудудларда ҳам тиббий хизмат кўрсатиш сифати ортмоқда.
– Овулимиздаги тиббиёт пунктида шифокорлар етишмайди, – дейди Учқудуқ туманидаги “Минг булоқ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Қаршиға Кемисалиева. – Ҳар доим соғлигимни текширтириб туриш учун “Panterra Black” МЧЖга қарашли диагностика марказига келаман. Бу ерда барча шароитлар бор.
Албатта, юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни янада ривожлантириш, ҳудудлар аҳолиси учун ихтисослаштирилган тиббиёт хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, уларни замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар билан жиҳозлаш учун барча шароитлар яратилмоқда.
Азиз Авазов – шифокор. Учқудуқ туманида яшайди. У Самарқанд давлат тиббиёт институтида жарроҳлик бўйича бакалавр йўналишини тугатган. Клиник ординатурани эса Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказида давом эттирган. 2019 йилда Россия Федерацияси Екатеринбург шаҳрига бориб ультратовуш диагностикаси бўйича малака ошириб келган. 2021 йил охирида “Panterra Black” МЧЖга қарашли диагностика марказини очган. Аҳолига сифатли тиббий диагностика хизматини кўрсатиб келаётган марказга тиббиёт ускуналари ва жиҳозлари сотиб олиш учун “Ўзмиллийбанк” АЖ Учқудуқ филиали томонидан 500 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган.
– 2014 йилдан буён туман тиббиёт бирлашмасида жарроҳ бўлиб ишлайман, – дейди Азиз Авазов. – Россияда малака ошириб қайтгач, икки йил тумандаги тиббий марказларнинг бирида ишладим. Вилоят марказлари, йирик шаҳарларда давлат муассасаларидан кўра хусусий тиббиёт анча ривожланган. Туманимизда ҳам аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 2021 йил ноябр ойида ўз диагностика марказимни очдим. Хизмат кўрсатиш соҳаси учун ажратилаётган кредитлардан фойдаланган ҳолда марказни жиҳозлаш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖдан кредит олдим. Диагностик марказда тиббий лаборатория, ультратовуш текширув хонаси, ЛОР касалликларини ташхис қўйиш хонаси, педиатр, невролог, амбулатор тарзда гинеколог кўриги хонаси ташкил этилган. Барча шифокорларимиз малакали, ўз соҳасининг билимдонлари ҳисобланади.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда мавжуд тиббий муассасаларни замонавий хориж асбоб-ускуналари билан техник ва технологик қайта жиҳозлаш муҳим аҳамиятга эга. Диагностик марказдаги тиббий ускуна ва жиҳозлар Германия ва Хитой давлатларидан келтирилган. Фаолият бошлаганига эндигина олти ой бўлган муассасадаги сифатли тиббий хизматдан аҳоли жуда мамнун. Йил охирига қадар марказда стационар даволанишни йўлга қўйиш режалаштирилган.
[gallery-7645]
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА