Бухородаги "SHOFIRKON EKVATORIAL TEKS" масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган жинси шим маҳсулотлари юқори сифати, замонавий дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ажратилган кредит маблағи корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот сифатини янада яхшилашга хизмат қилди.
– Корхонамизда асосан тайёр кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди корхона ходими Ризқиддин Шарипов. – Бу ерда 4,9 миллион АҚШ долларилик лойиҳа амалга оширилмоқда. “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан корхонамизга ажратилган 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит фаолиятимизни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди. Ўз ҳисобимиздан 1,9 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилди. Натижада 854 та янги иш ўрни яратилди. Йилига 15,6 миллион АҚШ долларилик жинси шим ишлаб чиқараяпмиз. Кредит ҳисобига хориждан келтирилган ускуналар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, сифатини янада яхшилаш имконини берди. Маҳсулотларимизни асосан республикамиз бозорларида сотаяпмиз. Дунё бозорига чиқишни режалаштирганмиз. Айни кунда россиялик ҳакорлар билан 300 минг дона жинси шим етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Қўшни мамлакатлар билан экспорт шартномаларини имзолаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ кўмагида самарали фаолият юритаётган корхонада кўплаб ишсиз фуқаролар муқим иш ўрнига эга бўлди. Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент туманлардаги “Темир”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарларига киритилган аҳоли вакиллари ишлаётган корхонада ишчи-ходимларнинг самарали меҳнат қилиши учун барча шароит яратилган. Уларнинг ишга келиб-кетиши учун автобус йўлга қўйилган бўлиб, кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминланган. Ишчи ходимлар замонавий корхонада ишлаётганидан жуда мамнун.
– Ҳунармандчилик билан шуғулланар эдим, – дейди Ғиждувон тумани Фиришкент маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Шуҳрат Олимов. –Уйда эшик-ромлар ясардим. Россия давлатига ҳам қатнардим. Афсуски, оғир касал бўлиб қолдим. Шифокорларнинг тавсияси асосида оғир меҳнат қилиш мумкин эмас. Лекин оилам, 2 нафар фарзандимни боқишим керак эди. Мана шу корхона ҳақида эшитиб қолдим. Корхонада меҳнат қилишни бошладим. Айни кунда корхонада цех устаси бўлиб ишлаяпман. Қўл остимда асосан ёшлар меҳнат қилади. Ишимдан мамнунман. 1 миллион 450 минг сўм иш ҳақи оламан. Аёлим Манзура Бозорова ҳам шу корхонада тикувчи бўлиб ишлайди. Ишга автобус олиб бориб уйимизгача келтириб қўяди. Иссиқ овқат, кийим-кечак берилади. Ойликларимиз ўз вақтида нақд берилмоқда.
[gallery-3184]
– Бир нафар фарзандим бор, – дейди Вобкент тумани Вобкент маҳалла фуқаролар йиғини А.Қодирий кўчасида истиқомат қилувчи Моҳигул Наврўзова. – Ёлғиз онаман. Шу корхонада меҳнат қиламан. 700 минг сўм ойлик оламан. “Аёллар дафтари”да рўйхатда тураман. Ишимни жуда ҳам яхши кўраман. Ана шундай замонавий корхонани ташкил этган ташаббускорлар ва уларни қўллаб-қувватлаётганларга минг раҳмат.
– Корхонада 2 йилдан буён меҳнат қиламан, – дейди Шофиркон тумани Кўришкент маҳалласида яшовчи, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи Мастура Абдураҳмонова. – Корхонамизда тайёр эркаклар жинси шими ишлаб чиқарилади. Мен мана шу ишлаб чиқарилган маҳсулотларга тугма қадайман. 1 миллион 500 минг сўм маош оламан. Бундан жуда хурсандман.
Ҳа, корхонанинг қайси бир ходими билан суҳбатлашманг ана шундай миннатдорлик сўзларини эшитасиз. Бу Президентимиз томонидан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалдаги самараси, десак муболаға бўлмайди. Зеро, ана шу ислоҳотлар ижроси ва самарадорлигини оширишда банк муассасалари, жумладан “Ўзмиллийбанк” АЖ нинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА