Республикамизнинг шундай ҳудудлари борки, у ердан киши яна бориш нияти билан қайтади. Сўлим табиатга ва бетакрор яшил манзарага эга Фарғона ана шу жиҳатлари билан доимо сайёҳлар эътиборида бўлиб келган. Ёзда салқин боғу роғлари, хушҳаво масканлари, меҳмондўст халқи ва тиниб-тинчимас миришкор деҳқонлари, ишбилармон тадбиркорлари билан танилиб улгурган ушбу вилоятнинг соҳалар бўйича ҳам имкониятлари тобора ортмоқда. Айниқса, хизматлар йўналишида вилоятда зарур инфраструктура яратилган. Буни меҳмонхона хизмати мисолида ҳам кўриш мумкин.
Фарғона вилоятида 305 жойлаштириш воситалари, хусусан, 43 меҳмонхона, 234 оилавий меҳмон уйлари, 28 хостел мавжуд. Маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 85 туристик фирмалар фаолият кўрсатмоқда. Вилоятда 376 маданий мерос объектлари бўлиб, уларнинг 50 га яқини туризм йўналишлари рўйхатига киритилган.

Биргина жорий йилнинг ўзида вилоятга 1 миллион 660 минг ички ҳамда 421 минг нафар хорижий сайёҳларни жалб этиш режа-жадвали ишлаб чиқилган. Сайёҳлар ташрифи доирасида экспорт ҳажмини 125 миллион долларга етказиш белгиланди.
Фарғона шаҳрида йиллар давомида бўш турган беш қаватли бинода меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйиш бўйича мақсадида умумий қиймати 15 миллиард 300 миллион сўм бўлган бизнес-лойиҳа ишлаб чиқилди. Меҳмонхона жиҳозлари учун Ўзмиллийбанк Фарғона вилояти Бош бошқармаси томонидан 2 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди.

– Ҳозирда 100 ўринли меҳмонхонада конференция зали, чўмилиш ҳавзаси, ресторан каби ўнга яқин хизматлар йўлга қўйилиб, 35 доимий иш ўрни яратилди, – дейди “Fergana delexu” меҳмонхонаси иш бошқарувчиси Элдорбек Шаропов. – Яқин истиқболда банк билан ҳамкорликда 20 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида қўшимча туризм хизматларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Айни жараёнда 2,4,7 кунлик туризм маршрутлари ишлаб чиқилиб, балиқ ови, табиатга саёҳат, умуман олганда, агро ва экотуризм хизматлари кўламини кенгайтириш кўзда тутиляпти.

Ҳисоб-китобларга қараганда, бир нафар хорижлик сайёҳ уч кун вилоятда қолса, унга ўртача 270-300 долларлик хизмат кўрсатилади.

Айтиш жоиз, бугун Фарғона вилоятига нафақат хорижлик, қолаверса, маҳаллий сайёҳлар оқими ҳам ортиб бормоқда. Ички туризм бугун тадбиркорлар қатламининг хизматлар соҳаси бўйича иш тажрибаси ошишига сабаб бўлаётир. Бу эса бугун ҳудудда соғлом рақобатнинг юзага келиши, шу билан бирга, хизматлар йўналишида янгидан янги лойиҳаларнинг вужудга келиши учун замин яратмоқда. Ўзмиллийбанк эса бу каби истиқболли дастурлар учун молиявий кўмак бериш ва ҳамкорлик қилишга доимо тайёр.
“Ўзмиллийбанк”АЖ
Матбуот хизмати
ЎзА