Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзмиллийбанк” АЖ: аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалмоқда
09:28 / 2022-04-27

Мамлакатимизда хизматлар кўрсатишни кенгайтириш, янги турларини йўлга қўйиш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишда Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда кўрсатиладиган хизматлар ҳажми 2021 йилга нисбатан 152 фоизга ўсиб, 12,6 триллион сўмга етган. Аҳоли жон бошига йиллик хизматлар миқдори 6,1 миллион сўмни ва ялпи ҳудудий маҳсулотдаги хизматлар улуши 42 фоизни ташкил қилмоқда. Шу йилнинг 1 январидан бугунги кунга қадар хизмат кўрсатиш йўналишида 3 минг 119 та иш ўринлари яратилди. 

Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда банклар томонидан шакллантирилган умумий қиймати 1,5 триллион сўм бўлган 1 минг 853 та лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 8 минг 894 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шундан 2 минг 11 таси тиббиёт хизматлари йўналиши ҳиссасига тўғри келади. Зеро, бугун соғлиқни сақлаш тизимига берилаётган эътибор, соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда улар фаолиятини кенгайтириш асосий вазифалардан бирига айланмоқда. 

Қўнғирот туманидаги “Кардио Кунград” кўп тармоқли клиникаси аҳолига қулай ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келаётган марказлардан биридир. Унинг фаолиятини кенгайтириш ва аҳоли учун зарур тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашда “Ўзмиллийбанк” АЖдан олинган кредит маблағлари алоҳида аҳамият касб этади. 

– Бугунги кунда хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатадиган тадбиркорларга давлат томонидан кредитлар тақдим этилаётгани уларнинг фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда, – дейди клиника шифокори Азизжон Асемов. – Бу борада биз ҳам аҳолига қулай тиббий хизматларни кўрсатиш мақсадида фаолиятимизни кенгайтиришни мақсад қилдик. Охирги марта 500 миллион сўм кредит олдик, ўзимиз яна 500 миллион сўм инвестиция қўшиб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Болаларнинг юрагини эхокардиография қиладиган сўнгги маркали аппаратни сотиб олдик.

 Бу аппаратнинг бошқаларидан афзаллиги шундаки, болаларни туғилган вақтда юрагида туғма нуқсонлари бор-йўқлигини, бор бўлса, қанчалик хавфли, жарроҳлик амалиётини қачон ўтказиш кераклигини аниқлаб беради. Бундан ташқари, жигардаги ўзгаришларни аниқлаб беради. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, янги иш ўринларини яратиш, ёшларни иш билан таъминлаш, аҳоли саломатлиги учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни сотиб олиш ниятидамиз. 

Ҳудудларда тиббий хизматларни кенгайтириш ниятидаги ҳам шифокор, ҳам тадбиркор бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлашда банклардан берилаётган кўмак, тақдим этилаётган кредит маблағлари муҳим аҳамият касб этаётир.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

“Ўзмиллийбанк”АЖ 

Матбуот хизмати ҳамкорлигида тайёрланди