Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзмиллийбанк” АЖ: Аҳоли фаровонлигини юксалтириш энг муҳим вазифа
12:26 / 2021-05-06

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳоли фаровонлигини юксалтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини яхшилаш мақсадида ҳудудларда “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилган эди.

Унга кўра, энди туман-шаҳарлардаги иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб бориш вазифаси қўйилди. Ушбу тизимнинг намунали ишлаши учун Навоий вилоятида ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилояти филиали ходимлари ҳам Ғозғон шаҳри ва Учқудуқ туманидаги мавжуд маҳаллаларга бириктирилиб, “маҳалла-оила-фуқаро” тамойили асосида аҳоли ҳаётидаги муаммоларни тизимли ўрганиш орқали маҳаллалар имкониятларини инобатга олган ҳолда аҳолининг даромад топишига хизмат қилувчи лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш, шунингдек, маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига камбағалликни қисқартиришга эътибор қаратишмоқда.

Бугунги кунда Учқудуқ туманида 13 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, 11701 та оилада 41929 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 20249 нафари аёллар бўлса, 6836 нафари ёшлардир.

– Ўрганишлар давомида 812 нафар фуқаро “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилди, – дейди “Ўзмиллийбанк” Навоий вилояти филиали корпоратив бошқарувчиси Лазиз Холмедов. – Биргина жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида 130 нафар фуқарога 3 миллиард 465 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Таҳлилларга кўра ажратилган кредитларнинг 1 миллиард 789 миллион сўми “Ёшлар дафтари”, 684 миллион сўми “Аёллар дафтари” ва 37 миллион сўми “Темир дафтар”га киритилган 110 нафар фуқарога ажратилган.

Худди шу жараён Ғозғон шаҳрида ҳам амалга оширилмоқда. Шаҳардаги 4 та маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг 261 нафари мавжуд учта дафтарга киритилган. Ажратилган 2 миллиард 795 миллион сўм кредитнинг 1 миллиард 375 миллион сўми бевосита дафтарларга киритилган фуқароларга йўналтирилган.

Бугунги кунда банк нафақат дафтарларга киритилган фуқароларга, балки уй-жойга муҳтож фуқароларга ҳам ипотека кредитлари ажратмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган давр мобайнида 7 нафар фуқарога 1 миллиард 121 миллион 400 минг сўм миқдорида ипотека кредити ажратилган.

Ҳеч кимга сир эмаски, кейинги йилларда юртимизда ўзгача дизайн, ўзгача кўринишга эга, бир-биридан кўркам ва шинам кўп қаватли хонадонлар қуриб фойдаланишга топширилмоқда.

Маълумотларга кўра, сўнгги 4 йил ичида давлат дастурлари асосида 140 мингта уй-жой барпо этилди. Бу эса 140 мингта оила ўз бошпанасига эга бўлганлигини билдиради. Аммо шунга қарамай уй-жойга бўлган эҳтиёж ҳамон юқорилигича қолмоқда. 2021 йилда янги тартиб доирасида, мамлакатимизда жами 33 минг 114 та квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар, қишлоқ жойларда 8 минг 336 та квартирадан иборат кўп қаватли арзон уй-жойлар, фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3 минг 550 та квартирадан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилади. Мазкур уйлар эса аҳолига ипотека кредитлари асосида берилади.

Уйсизлик, ижарама-ижара, сарсон бўлиб яшаш азобини бошидан кечирган билади. Уй эгасининг қош-қовоғига қараб яшаш осон эмас. Шунинг учун бўлса керак, ота-боболаримиз “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг”, “Катакдек бўлса ҳам ўз уйинг бўлсин” дейишмаган. Нилуфар Жанқулова ҳам ана шу азобни бошдан кечирганлардан бири.

– Турмуш ўртоғим ва 3 нафар фарзандим билан 5 йил ижарама-ижара сарсон бўлиб яшадик, – дейди Н.Жанқулова. – Президентимиз фармони чиққандан кейин турмуш ўртоғим билан “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилояти филиалига мурожаат қилдик. Банк ходимлари ҳужжатларимизни ўрганиб чиқишгач, кредит ажратишди. Бугун эса ўзимизнинг шинам хонадонимизга эгамиз.

Албатта, бугунги кун талаби ҳам шу. Банклар томонидан имтиёзли кредитлар бериш кўламини янада кенгайтириш орқали аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондиришдир. “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан эса бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқди. Зеро, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, турли лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш банкнинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Абдували БЎРИЕВ, Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА