French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзмиллийбанк:  2020 йил натижалари ва 2021 йилга истиқболли режалар
09:57 / 2021-01-20

“Ўзмиллийбанк” АЖ Бошқарувининг жорий йил 16 январда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида 2020 йил натижалари ва 2021 йил учун белгиланган истиқболли режалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида келтириб ўтилган барча вазифаларга тўхтаб ўтилиб, банк фаолиятида улар ижросини таъминлаш борасида иш режалари тасдиқланганлиги ва унга мувофиқ тегишли ишлар олиб борилиши қайд қилиб ўтилди.

Шу билан бирга, йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида жорий йил 11-16 январь кунлари “Маҳаллабай” ишлаш тизимини ташкил этиш юзасидан ўтказилган ўқув-амалий семинар натижалари, унда олинган билим ва тажрибаларни  банкнинг барча филиаллари ходимларига етказиш, ҳудудларда шу каби ўрганишларни ўтказишда берилган тавсияларга тўлиқ амал қилиш вазифалари берилди.

2020 йил якунлари билан банк активлари 79,8 трлн. сўмни ташкил этиб, кредит портфели 65,6 трлн. сўмни, жами депозитлар 17,2 трлн. сўмни шундан, юридик мижозлар депозитлари 12,7 трлн. сўмни ташкил қилди.

Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун айланма маблағ танқислигига дуч келган тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида айланма маблағларни тўлдириш учун 5,3 трлн.сўм миқдорида кредитлар ажратилди ва 210 минг та  мижознинг 5,1 трлн.сўм асосий қарзи ҳамда 560,0 млрд.сўм фоиз тўловлари муддатлари узайтиб берилди.

Ҳисобот йилида банк фаолиятининг барча йўналишлари таҳлил қилиниб тегишли ҳисоботлар эшитилди, бажарилган ишлар тақдимотлари ўтказилди.

2020 йил давомида банк томонидан жами 885 та лойиҳалар, шундан, ҳудудларни ривожлантириш дастурларига мувофиқ 514 та ҳамда 25 та йирик лойиҳалар молиялаштирилди. Жумладан,

Тошкент шаҳрида “Технопарк” МЧЖда маиший уй-рўзғор техникалари (музлаткичлар, кондиционерлар, кир ювиш машиналари, сув насослари ва газ хисоблагичлар) ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Навоий вилояти Ғозғон шаҳрида 37 гектар ер майдонида табиий тошларни қазиш ва қайта ишлашга ихтисослашган “Мармаробод” йирик кластер лойиҳаси ишга туширилди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида йиллик қуввати 6800 тн бўлган “Shomanay Eco Teks” МЧЖ ҳамда Жиззах вилояти Зомин туманида йиллик қуввати 5000 тн бўлган “Ostex Jizzakh” МЧЖ ҚК йирик замонавий ип-йигирув корхоналари ишга туширилди.

"Ўзбекистон Темир йўллари" акциядорлик жамиятининг Тошкент шахрида ер усти ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналиши қуриб битказилди. Метронинг ушбу участкасида 7 та бекат барпо этилган. Янги йўналишнинг узунлиги 11,5 километр.

Сирдарё вилояти Оқолтин туманида “Sub-dry” жамиятининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сублимация йўли билан қуритишни ташкил қилиш лойиҳаси.

Йиғилишда банкни 2021 йилда стратегик ривожлантириш бўйича белгиланган истиқболли режаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

2021 йил учун белгилаб олинган режаларга мувофиқ йил якунига қадар “Ўзмиллийбанк” АЖнинг умумий активлари ҳажмини 91,7 трлн.сўмга ва банкнинг кредит портфелини 77,1 трлн. сўмга ҳамда жами юридик ва жисмоний шахсларнинг депозитлари қолдиғи 17,8 трлн. сўмга етказилади.

Иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш, самарали лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида, 2021 йилда банк томонидан жами 540 та лойиҳага 16,5 трлн. сўм кредитлар ажратилади.

Бунда, 27 та йирик лойиҳага – 8,8 трлн.сўм, ҳудудларни ривожлантириш дастурларидаги 371 та лойиҳага – 6,5 трлн. сўм ва бошқа йўналишлардаги 142 та лойиҳага – 1,2 трлн. сўм банк кредитлари ажратилади. Жумладан,

Аҳоли пунктларига алоқа хизматларини етказиш ва ижтимоий объектларни глобал интернет хизматлари билан таъминлаш мақсадида “Universal Mobile Sistem” жамияти лойиҳаси;

Термиз ҳалқаро аэропортини реконструкция қилиш лойиҳаси;

Жиззах вилояти Фориш туманида қўрғошин ва цинк заҳираларига эга “Уч қулоч” руда конини ўзлаштириш лойиҳаси;

Нурафшон шахрида “Нурафшон махсус техника” жамиятида махсус ва халқ хўжалиги учун махсус техникаларни ишлаб чиқариш лойиҳаси;

“Охангаронцемент” жамияти таркибида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича саноат кластерини яратиш лойиҳаси ва бошқалар.

Йиғилишда Банкнинг республика аппаратидаги таркибий тузилмалари раҳбарларига филиаллар ходимлари малакасини ошириш, ёш кадрларни қайта тайёрлаш, “махаллабай” ўрганишларни олиб бориш тартибларини ўргатиш мақсадида, ўқув услубий семинарлари, вебинарлар ўтказиш режа графикларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни сифатли ташкил қилиш топшириқлари берилди. 

Банк филиаллари бошқарувчилари ва Бош офисдаги таркибий тузилмалари раҳбарларига 2021 йил учун белгилаб олинган вазифалар ижросини таъминлаш, мижозларга сифатли банк хизматларини тақдим қилиш ишларини амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тўлиқ риоя қилган ҳолда олиб бориш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Банк матбуот хизмати,

Реклама ҳуқуқи асосида