Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзметкомбинат” АЖ: ўтган 10 ойда 89 миллион 986 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди
13:57 / 2023-11-24

“Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти томонидан ўтган 10 ойда жами 89 миллион 986 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Бунда йиллик кўрсаткич 78 миллион 966 минг долларни ташкил этиб, режа 125 фоизга бажарилди.

Бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Сарвиноз Шералиева бу ҳақда маълумот берди.  

Унда қайд этилишича, 69 миллион 642 минг доллар миқдоридаги 95 минг 758 тонна қора металл прокати маҳсулотлари Тожикистон, Қирғизистон ва Европа давлатларига экспорт қилинган. Шунингдек, 19 милллион 3 минг долларга тенг 2 минг 185 тонна  мис ва латун маҳсулотлари Россия, Беларусь,  Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон ва Туркия давлатларига жўнатилган.  1 миллион 341 минг долларлик иссиқлик ўтказмас маҳсулотлар ва халқ истеъмол моллари Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон Туркманистон, Молдова, Озарбайжон, Россия, Латвия, Болгария, Германия ва Чехия давлатларига йўналтирилган.  

–Шуни алоҳида айтиш жоизки, бугунги кунда комбинатимиз ўзининг экспорт географиясини янада кенгайтириб бормоқда. Дейлик, 2023 йил январь-октябрь ойларида комбинат томонидан янги 6 та бозор ўзлаштирилди. Булар – қора металл прокати бўйича Қирғиз Республикаси, иссиқлик ўтказмас маҳсулотлар бўйича Тожикистон Республикаси, сирланган пўлат идишлар бўйича Чехия, Болгария, Россия ва Германия давлатларидир. Бу йил ушбу мамлакатлар бозорларига маҳсулотларимиз кириб борганини қувонч билан таъкидлаш жоиз. Шу билан бирга, комбинат ўз маҳсулотлари билан халқаро кўргазмаларда ҳам иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Чехия ва Россия давлатларида бўлиб ўтган кўргазмалар доирасида турли компаниялар билан ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилди. Афғонистонда бўлиб ўтган кўргазмада эса металл прокати етказиб бериш бўйича меморандум имзоланди. Айни кунларда комбинат вакиллари Озайбаржонда бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари иқтисодий имкониятларини намойиш қилиш бўйича халқаро кўргазмада иштирок этмоқда, – деди С.Шералиева.  

Н.Зиёдуллаева, ЎзА