Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ўзметкомбинат" АЖ: 250 дан зиёд турдаги сирланган пўлат идишлар ишлаб чиқарилмоқда
19:02 / 2024-09-22

"Ўзметкомбинат" АЖнинг халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш бўлинмаси 50 йилдан буён фаолият кўрсатади.

Куни кеча шу муносабат билан "Ўзметкомбинат" АЖ раҳбарияти, фахрийлар, бўлим раҳбарлари ва ходимлари иштирокида тантанали тадбир ўтказилди.

Унда "Ўзметкомбинат" АЖ бошқарув раиси - бош директори Рашид Пирматов, Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати фахрийлари кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Халилов ушбу комбинат фаолияти, хусусан,  халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш бўлинмаси мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Бошқарув раисининг қайд этишича, ўтган асрнинг 70-йиллари “Ўзметкомбинат” АЖ фаолиятида алоҳида эътиборга молик давр ҳисобланади. Бу даврда заводда катта қурилишлар бошланган. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш мажмуасининг қурилиши ҳам шу даврда бошланган.

– Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш мажмуаси қисқа муддат ичида қурилиб, 1974 йилда ишга туширилган. Бугунги кунда бўлинмада 250 дан зиёд турдаги сирланган пўлат идишлар ишлаб чиқариляпти. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 3200 тонна маҳсулотни ташкил этмоқда. Сўнгги йилларда сирланган идишларнинг жаҳон бозорларидан мустаҳкам жой олишига катта эътибор қаратиб келинмоқда. Комбинатнинг сирланган пўлат идишлари Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Шунингдек, сирланган идишларимиз Европа давлатлари бозорларига ҳам кириб борган,–деди Р. Пирматов.

Ушбу тантанали тадбирда илғор ишчи ходимларга комбинат раҳбариятининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Энг фаол фахрийлар – Патхулла Бадалов ва Тамара Жўраева "Фаол фахрий" кўкрак нишони билан тақдирланди.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА