Маълумки, шу кунларда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана муносабати билан диёримизнинг турли ҳудудларида маданий тадбирлар, илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Жумладан, куни кеча Фарғона вилоятидаги Қўқон университетида “Глобаллашув шароитида она тили ва адабиётнинг ижтимоий аҳамияти ва уни сақлаш тамойиллари” мавзусида навбатдаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон давлат хореография академияси билан ҳамкорликда ташкил қилинган анжуманда республикамизда фаолият олиб бораётган олимлар, профессор-ўқитувчилар, мустақил тадқиқотчилар, шунингдек Швеция, Ҳиндистон, Туркия ва Қозоғистондан келган илмий доира вакиллари, ижодкорлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар миллий тилни асраб-авайлаш, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, бой адабий меросимизни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш хусусида фикр юритишди. Хорижлик меҳмонлар ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, ўзбек тилида яратилган бадиий асарларни дунё бўйлаб янада оммалаштириш учун халқаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидладилар.
[gallery-25808]
Йиғин доирасида замонавий ўзбек адабиётининг истеъдодли вакили, марҳум Аъзам Ўктам таваллудининг 65 йиллиги ҳам кенг нишонланди. Сўз олганлар шоирнинг адабий мероси, ўзбек шеъриятидаги бетакрор услуби ва замондошлари қалбидан жой олган образ яратиш маҳорати ҳақида тўлқинланиб гапирди.
– Аъзам Ўктамнинг адабий шахсияти ва қиёфаси, истеъдодининг асосий қиррасини шеърий асарлари белгилайди, – дейди Швеция ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Жаҳон уйғур шоирлари ассоциацияси раҳбари Абдушукур Муҳаммад ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Унинг ашъорларида миллий руҳ ва фалсафий тафаккур мужассам. Ҳар бир мисра ва образ қалбга яқин. Мен ушбу адибнинг “Кузда кулган чечаклар” китобини уйғур тилига таржима қилганман. Энди шоирнинг шеърларини Швециядаги адабий журналларда эълон қилиш, Стокгольм шаҳрида маданий мулоқотлар уюштириш ниятидамиз.
Конференция якунида ўзбек тилини кенг тарғиб этиш мақсадида илмий мақола ва рисолалар танловини ўтказиш таклифи бир овоздан маъқулланди. Шунингдек, Бувайда туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактабида “Аъзам Ўктам ижоди” номли синф хонаси ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Ў.Алимов, ЎзА