Музейлар аждодлардан мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина ҳисобланади.
130 йилдан зиёд тарихга эга Ўзбекистон музейлари ёшлар учун чинакам дарсхона.

—Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади, — дейди пойтахтимиздаги 295-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Сурайё Имомова. — Европада мактабгача ёшдаги болаларнинг айрим машғулотлари музейларда ўтказилади. Мамлакатимизда ҳам мактаб ўқувчилари учун ўқув режада музей ва маданий мерос объектларида амалий машғулот ўтиш белгиланган. Чунки тарихий обидалар ва экспонатлар ўқувчиларда тарихга бўлган тасаввурни бойитади.

Дастурга мувофиқ, вақти-вақти билан ўқувчиларни пойтахтимизда жойлашган музейларга саёҳатга олиб борамиз. Музейларнинг бой экспозицияси болаларда чуқур таассурот уйғотади. Мамлакатимизда ноёб санъат асарлари, шунингдек, меъморчилик мўъжизалари бўлган музей экспонатларининг ниҳоятда кенг ассортименти мавжуд.

Жорий йил якунланиши арафасида ўқувчиларни Амир Темур музейига олиб келдик. Амир Темур шахсияти, унинг фаолияти, Темурийлар даври ва ўша замон маданий меросини кенг оммага етказиш мақсадида ташкил этилган мазкур музейнинг биноси ҳам ўзининг махсус услуби билан ажралиб туради. Амир Темур даврига оид қуроллар, темир зирҳлар, тангаларни томоша қилаётган болаларнинг ҳайрати чексиз. Ёшлар музейлар ҳақида дастлабки тушунчаларга эга бўлиши лозим. Нафақат мактабларда, балки оилада ҳам ҳар бир ота-она ўз фарзандига юрт ўтмиши, буюк аждодларимиз, уларнинг ибратли ҳаётлари ҳақида маълумотларни бериб бориши керак.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА