Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади.
Ҳар бир миллат ўз тарихи, келиб чиқиши, дини, маданияти, дунё тамаддунида муносиб ўрин эгаллаган даҳолари билан фахрланади. Қарши давлат университети Филология факультети доценти, филология фанлари номзоди Саодат Мўминова билан бўладиган бугунги суҳбатимиз бобурий шаҳзода Ҳумоюн мирзо шахси билан боғлиқдир.
– Бобурнинг қизи тарихчи Гулбаданбегим томонидан ёзиб қолдирилган «Ҳумоюннома» асари юксак дид билан қоғозга туширилган маданий ёдгорлик ҳисобланади. Аввало, муаллиф ҳақида фикр билдирсангиз.
Саодат Мўминова: – Гулбаданбегим – Бобурнинг учинчи қизи. Онаси Дилдорбегим темурий Султон Маҳмуд мирзонинг қизи бўлган. 1523 йил Афғонистоннинг Қобул вилоятида туғилган. У Мовароуннаҳр, Ўрта Шарқ, Қобул, Ҳиндистоннинг ўрта аср тарихининг муайян бир давридаги мураккаб муносабатларни ниҳоятда чуқур фаҳмлай олган ва бу воқеаларни таъсирчан баён қила олган зукко тарихчи олима. У дастлаб Ҳиндистонда Бобур саройида, сўнгра Ҳумоюн подшоҳ саройида, 1556-1603 йилларда Акбаршоҳ саройида умр кечирган. 1603 йил 7 февралда Аграда вафот этган.
«Ҳумоюннома» эса XV аср охири ва XVI аср бошларида Мовароуннаҳр, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистон диёрларида ёзилган тарихий манбалар орасида Бобур билан боғлиқ воқеаларни тасвирлашда алоҳида ўрин эгаллайди. Асарнинг қўлёзмаси Британия музейининг қўлёзмалар фондида 166-рақам билан сақланади. Бу нусха 83 варақдан иборат бўлиб, XVII асрнинг биринчи ярмида кўчирилган деб тахмин қилинади.
Инглиз олимаси Анна Бевериж хонимнинг фикрича, ана шу асар муаллиф томонидан ёзилган нусха бўлиши мумкин. Асар XVI асрда Ҳиндистонда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг набираси, Акбаршоҳ даврида, яъни, 1556-1603 йилларда Бобурнинг қизи Гулбаданбегим томонидан ёзилган. Адибанинг ёзишича, Акбаршоҳ бобурийлар тарихини абадийлаштириш мақсадида замонасининг барча кўзга кўринган олимларига мурожаат қилиб, «Бобур подшоҳ ва Ҳумоюн подшоҳ даври ҳақида «нимаики билсангиз, ёзингиз» деб буюрган экан.
Асар форс тилида ёзилган. Дастлаб, асарни инглиз олимаси Анна Бевериж хоним 1987 йилда форс тилидан инглиз тилига таржима қилган. 1996 йили ЮНEСКОнинг махсус қарори билан француз олими Бакке Громон томонидан асар француз тилига таржима қилинган ва нашр этилган. Шундан сўнг мазкур асарни тарих фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси Сабоҳат Азимжонова 1998 йили форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган.
– Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан кейин давлатни бошқарган Ҳумоюн Мирзо қандай шахс бўлган?
Саодат Мўминова: – Ҳумоюн Мирзо 1508 йилда Кобулда Бобурийлар сулоласининг иккинчи вакили сифатида дунёга келди. Унинг туғилган санаси маълум эмас. Ҳумоюн Носириддин Муҳаммад 12 ёшида Бадахшон ҳокими қилиб тайинланган. 18 ёшидан отасининг Ҳиндистонга қилган юришларида фаол иштирок этган. Моҳир саркарда бўлган. Бобур вафотидан кейин (1530 йил) 23 ёшида Ҳиндистон тахтига ўтирган.
Тарих саҳифаларидан маълумки, Бобур Ҳумоюнни алоҳида меҳр билан яхши кўрган.
Бобур ўғли Ҳумоюнга махфий васиятнома ёзиб қолдирган. Васиятнома Ҳиндистоннинг Бҳопал давлат кутубхонасида сақланади. У настаълиқ хатида битилган. Жумладан, унда турли мазҳабларни ёмон кўрмаслик, сигир сўймаслик, ҳар бир қавмнинг ибодатгоҳларини хароб этмаслик, халқни рози қилиш, шиа-сунний жанжалларига йўл қўймаслик кабиларни васият қилади.
Ҳумоюн пойтахтни Деҳлига кўчириб, «Дини паноҳ» номли сарой қурдиради. Давлатни бошқариш тизимини ишлаб чиқади.
Ҳумоюн бой кутубхона ташкил этган. 1556 йили сарой кутубхонаси пиллапоясидан кўтарилаётганда боши билан мармар зинага йиқилиб, ҳушидан кетиб, икки кундан кейин вафот этади. Ҳиндистонда Ҳумоюн мақбараси мавжуд бўлиб, бу мақбара бобурийлар даври архитектурасининг илк намуналаридан биридир. Ҳумоюн мақбараси бобурийларнинг энг йирик хилхонаси ҳисобланади. Ўнлаб бобурий шаҳзода ва маликалар шу ерда дафн этилган.
– Ҳумоюн Мирзо истеъдодли шоир бўлганлиги маълум. Унинг ижоди ҳақида нималар дея оласиз?
Саодат Мўминова: – Ҳумоюн ўзбек, форс тилларида ижод этган. Унинг қуйидаги байтлари машҳур бўлган:
Ғариблиғ ғаъмидин меҳнату малолим бор,
Бу ғамдин ўлгали етдим, ғариб ҳолим бор.
Висоли давлатидин айрилибон мен маҳзун,
Тирикмену бу тирикликдин нифиолим бор.
Ҳумоюн шеърларидан девон тартиб берилган ва бу девон «Ҳумоюн девони» деб номланган. Ҳозирда шоир девонининг 19 варақдан иборат қўлёзмаси маълум бўлиб, у Сулаймония кутубхонасида сақланади.
– Маълумки, Бобурнинг холаваччаси бўлган Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг «Тарихи Рашидий» асарида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг туғилишидан тортиб, токи вафотига қадар бўлган давр ўз аксини топган. Шу жумладан, Ҳумоюн Мирзо билан боғлиқ қимматли саҳифалар ҳам мавжуд.
Саодат Мўминова: – Худди шундай. «Тарихи Рашидий» асарида муаллиф Ҳумоюн подшоҳни шундай таърифлайди: «Ҳумоюн подшоҳ – Бобур подшоҳ ўғиллари ичида энг каттаси, энг обрў-эътиборлиси ва зуккоси эди. Фақир унингдек иқтидорли, туғма фазилатларга эга одамни кам учратганман».
Хуллас, Ҳумоюн подшоҳ олий мартабали мислсиз ҳайбат ва салобатга эга ҳукмдор эди. «Тарихи Рашидий» асарида Ҳумоюннинг укалари билан муносабатлари мавзуси алоҳида ёритилган.
Кўриб ўтганимиздек, тарихий манбаларнинг барчасида Ҳумоюн Мирзо оқибатли фарзанд, одил подшоҳ, меҳрибон ака, ғамхўр ота, севикли ёр,гўзал қалб соҳиби сифатида тўлақонли, ёрқин бўёқларда тасвирланган.
Гулжаҳон МАРДОНОВА, ЎзА