Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзлигимизни кўз қорачиғидек асраб қолиш йўлидаги янги босқич
13:53 / 2025-12-13

Бугун биз Ўзбекистоннинг барча фарзандлари каби Қорақалпоғистон Республикаси халқининг ҳамиша фахрланиб, асрлар оша аждодлардан мерос бўлиб келаётган бебаҳо маданий қадриятларининг халқаро миқёсда тан олиниши — ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилиши муносабати билан чексиз ғурур ва ифтихор туйғусини бошдан кечирмоқдамиз.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ва Жўқорғи Кенгес депутати сифатида, ушбу тарихий воқеа нафақат қорақалпоқ халқи, балки бутун Ўзбекистон учун катта ютуқ эканлигини таъкидламоқчиман.

Жорий йилнинг декабрь ойида Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ўтказилган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг сессияси ҳақиқатда ҳам кўп миллатли Ўзбекистонимиз учун муҳим воқеаларга бой бўлди. Энг қувончлиси шундаки, бизнинг жонажон юртимизнинг иккита бетакрор маданий дурдонаси — қорақалпоқ халқининг миллий мусиқа маданиятининг ажралмас қисми бўлган “Қўбиз ва жиров ижрочилик санъати” ҳамда уларнинг аждодлардан мерос бўлиб келаётган миллий урф-одатларимиз ва бунёдкорлик маданиятини ўзида мужассам етган “Қора уй” (ўтов) қуриш анъаналари ЮНЕСКОнинг юқори халқаро рўйхатларига киритилди. 

Буларнинг биринчиси — “Қўбиз ва жиров ижрочилик санъати” — Зудлик билан муҳофаза қилишга муҳтож бўлган номоддий маданий мерос рўйхатига, иккинчиси эса — “Қирғиз, қозоқ ва қорақалпоқ ўтовларини барпо этишга оид анъанавий билим ва кўникмалар” номли умумий номинация доирасида Репрезентатив рўйхатга киритилди.

Бу ютуқ нафақат Қорақалпоғистон халқининг минг йиллик тарихига, балки бутун Ўзбекистоннинг бой маънавий ва маданий меросига бўлган халқаро эътирофдир. Бу — аждодларимиздан бизга етиб келган қадриятларнинг нақадар теранлиги, маънавий меросимизнинг буюк қудрати ва авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқликнинг ёрқин тасдиғидир. Ҳар бир маданият элементи, ҳар бир анъана бизнинг ўзига хослигимиз, миллий ўзлигимизни белгиловчи муҳим омил ҳисобланади. 

“Қора уй”нинг қурилишига оид билим ва кўникмалар қорақалпоқ халқининг бунёдкорлик маданиятини, уй-жой қурилиши ва меъморчилик билимлари жамланган ноёб маданий меросидир. Унинг 6, 8, 12 қанотли бўлиши ва бошқа халқлар ўтовларидан ўзига хос тарзда ажралиб туриши, албатта, уни ЮНЕСКО Репрезентатив рўйхатига киритиш учун асос бўлган. Шу билан бирга, қўбизнинг анъанавий эпик достонларни ижро этишда муҳим роль ўйнаши, жамиятда бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳам унинг Зудлик билан муҳофаза қилиш рўйхатига киритилишига сабаб бўлди. Бу эса, ўз навбатида, ушбу санъат турларини илмий ўрганиш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятлар очиб беради. 

“Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ҳар доим мамлакатимизда миллий қадриятларни, маданий меросни асраб-авайлаш, уни тарғиб қилиш ва ёш авлод онгига сингдиришни асосий мақсадларимиздан бири деб биламиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёйевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида берган топшириқлари, жумладан, қорақалпоқ халқининг ноёб маданий меросини асраш, ривожлантириш ва жаҳон миқёсида тарғиб қилишга қаратилган вазифалар айнан бизнинг партиямиз ғоялари билан ҳамоҳангдир. Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева раҳбарлигида амалга оширилган тизимли ва амалий ишлар мана шундай ижобий натижаларга олиб келаётгани бизни ниҳоятда қувонтиради. Бу нафақат уларнинг, балки бутун Ўзбекистон халқининг, маданиятимизга дахлдор барчанинг ғалабасидир.

“Миллий тикланиш” партияси ҳар доим халқимизнинг ўзига хослигини таъминловчи қадриятларини, маданий меросини кўз қорачиғидек сақлаш ва келажак авлодларга етказишни ўзининг асосий вазифаси деб билади. Бундай халқаро эътирофлар бизни янада руҳлантиради ва бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимизни кучайтиришга ундайди. Биз эса ўзлигимизни беқиёс қилувчи бой қадриятларимизни асраган ҳолда янги босқичларга қадам ташлашда давом этамиз. Ушбу буюк ютуқ барчамизни яна бир бор бирлаштириб, келажакда янада улуғвор мақсадлар сари интилишга ундайди.

Тожибой Романов,
"Миллий тикланиш" демократик партияси
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси,
Жўқорғи Кенгес депутати
ЎзА