Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш юзасидан шу йилнинг биринчи ярим йиллигида олиб борилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, партия Сайловолди дастури Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг бўлиб, мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашда ўзаро уйғун мақсад ва вазифаларни қамраб олган. Партия ўтган 6 ойлик фаолияти давомида Президентимиз ички ва ташқи сиёсатига ҳамоҳанг равишда аҳоли билан мулоқот қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва улар учун солиқ юкини камайтириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратди.

Ўтган ярим йилликда қуйи бўғинлар сони 199 тага кўпайиб, партия аъзолари сони 2 миллион 19 минг нафарга етди.
ЎзЛиДеПнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси қонун ижодкорлиги йўналишида ўтган ярим йилда 1 та қонун лойиҳаси ишлаб чиққан бўлса, 7 та қонун лойиҳасида ҳамташаббускор сифатида иштирок этди. Мазкур қонунлар тадбиркорлик эркинлигини кенгайтиришдан тортиб сунъий интеллект, ноширлик фаолияти ва диний соҳадаги давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган.

Шу билан бирга, парламент ва депутатлик назорати доирасида вазирлар ва давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди, 21 та депутатлик сўрови юборилди. Фракция аъзолари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳи, бошланғич партия ташкилотлари вакиллари биргаликда маҳаллалар билан ишлаш, аҳоли муаммолари ва мурожаатларини ҳал қилиш, энг чекка ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларни Жиззах, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Андижон ва Хоразм вилоятлари кесимида ўргандилар.
Жумладан, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти, қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлиги, кичик саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш жараёнлари ўрганилди. Шунингдек, сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича манзилли дастурлар ижроси, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тизимли ижтимоий муаммоларга оид масалалар муҳокама этилди. Бундан ташқари, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш, инвестиция дастурлари ижроси, қурилиш, энергетика, шу жумладан, энерготежамкорлик масалалари, аҳоли пунктларини жамоат транспорти билан қамраб олиш ҳолати эътибор марказида бўлди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан тегишли мутасаддиларга жами 2 минг 581 та депутатлик сўрови юборилган, мингдан ортиқ ижро органи раҳбарларининг ҳисоботи эшитилган, 78 масала сессияларга киритилган. “Депутат ва тадбиркор мулоқот форуми” ҳамда “Депутат инвесторга мададкор” лойиҳалари орқали тадбиркорларнинг муаммолари ҳал этилди.

Шунингдек, ўтган ярим йилликда партия тузилмалари, депутатлар, фаоллар ва экспертлар билан ҳамкорликда 436 марта тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, 13 мингдан ортиқ тадбиркор қамраб олинди. Мурожаатлар билан ишлашда 1 минг 396 мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Йиғилишда ислоҳотларнинг бугунги шиддати партия дастурини ўзгартиришни тақозо этаётгани қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, партиянинг янгиланган дастурини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ таркиби ва вазифалари тасдиқланди. Муҳокама этилган барча масалалар бўйича қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА