Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
O'zLiDeP: янги лойиҳалардан кўзланган натижалар
21:14 / 2026-01-16

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, O'zLiDeP фракцияси раҳбари, Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши раиси Актам Хаитов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Бухорода бўлди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Пешку туманида ташкил этилган “Бухоро сервис агрокластер” МЧЖ ғалла майдонларида ғаллани замонавий усулларда озиқлантириш бўйича семинарда иштирок этди. Унда O'zLiDePдан маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайланган халқ вакиллари, партия масъуллари ҳамда вилоятдаги бир қатор пешқадам фермерлар қатнашди. 

Семинарда Актам Хаитов Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши томонидан ҳам тегишли мурожаат қабул қилинганлигини, бу эса соҳа ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклашини таъкидлади.

 Президент Мурожаатномасида қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни янги технологиялар асосида ошириш ва соҳани қўллаб-қувватлаш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилган. Айниқса, Президентимизнинг ўтган йил 9 декабрдаги “Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Фермерларга катта имтиёз ва ваколатлар берилди. 

Семинарда шу хусусда сўз юритилар экан, бухоролик фермерлар ҳам бугунги кунда бутун куч ва имкониятларини сафарбар этишлари зарурлиги алоҳида қайд этилди. Жумладан, ғалла етиштирувчи Фермер хўжаликлари учун катта имкониятлар яратилганлиги уларни янги марраларни эгаллашга,  ғалладан юқори ҳосил етиштиришга рағбатлантириши турган гап.

Семинарда ғаллани озиқлантириш ва ривожини таъминлаш борасида зарур агротехник тадбирларни амалга оширишда суст иш олиб бораётган фермер хўжаликлари фаолияти хусусида сўз юритилиб, йўл қўйган қолоқликни бартараф этилиши юзасидан амалий тавсиялар берилди. 

Актам  Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳи аъзолари Пешку тумани Хўжапешку қишлоғида жойлашган “PESHKU AGROKLASTER YOG` MOY” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди. Мазкур жамият 2022 йил ташкил этилган бўлиб, айни кунда бу ерда 120 нафар маҳаллий аҳоли вакилларининг бандлиги таъминланган. Уларнинг 30 нафари аёллардан, 70 нафари эса ёш авлод вакилларидан иборат. 

“Бухоро агрокластер” пахта-тўқимачилик кластери МЧЖ таркибидаги мазкур корхонада йилига 50 минг тонна чигит қайта ишланиб, 11 минг тонна сифатли ёғ, 29 минг тонна шрот, 20 минг тонна шелуха ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Зарур хомашё – чигит омбори, тозалаш-пресслаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш цехлари, шунингдек, корхона замонавий технология билан жиҳозланган. Корхонанинг тайёр маҳсулотлари Афғонистон ҳамда Тожикистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

Мулоқотлар чоғида корхонада пахта чигитини қайта ишлаш ва ундан сифатли маҳсулот тайёрлаш жараёнлари, ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш, доимий иш ўринларини кенгайтириш борасидаги фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Ўрганишлар давомида О‘zLiDeP етакчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Пешку” маҳалла фуқаролар йиғинида Инобат Нарзиева бошчилигида фаолият юритиб келаётган “Миллий ширинликлар ва қандолатчилик маҳсулотлари тайёрлаш цехида ҳам бўлиб унинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Мазкур корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари замон талабларига мос равишда йўлга қўйилган бўлиб, торт ва ширинликлар, турли тайёр маҳсулотлар буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Корхонада 20 нафардан ортиқ хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган. Бу эса маҳаллий аҳоли бандлигига эришиш, уларнинг даромадини ошириш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўрганишлар чоғида ишлаб чиқариш ҳажмлари, маҳсулотлар сифати, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши ҳамда меҳнат шароитларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, корхона фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва маҳсулот турларини кўпайтириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Гуруҳ аъзолари Бухоро туманидаги моҳир ҳунарманд, маҳаллий Кенгаш депутати Акмал Муҳитдинов бошчилик қилаётган “Нақшбанд” ҳунармандчилик маркази иш фаолиятини, бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнини ҳам кўздан кечирди. Бу ерда ёшлар ҳунармандчиликнинг тош ўймакорлиги, хаттотлик санъати, миниатюра ҳунармандчилиги бўйича ташкил этилган ўқув-курсларида ўз билим ва малакаларини оширмоқда. Марказнинг туристик салоҳияти, ишчи-ходимлар учун яратилган шарт- шароитлар ишчи гуруҳ аъзоларида яхши таассурот қолдирди. 

Бухоро  давлат университетида O'zLiDePнинг Мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифаларига бағишланган йиғилиши ўтказилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, O'zLiDeP вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши масъуллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этди. Йиғилишни партия етакчиси А.Хаитов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Юртимиздаги ислоҳотлар бардавомлиги турли соҳа вакиллари олдига янгидан-янги талаблар қўймоқда. Шу жумладан, асосий электорати тадбиркор ва фермерлардан иборат бўлган O'zLiDeP фаоллари зиммасига ҳам.

Маълумки, кейинги пайтда партиянинг бир қатор истиқболли лойиҳалари дастурий мақсад-вазифалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Аниқ-пухта ишлаб чиқилган ана шундай ишланмалар туфайли ҳудудларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва шу тариқа аҳоли бандлигини таъминлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг келгусидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишларда пировард натижаларга эришилмоқда.

Эътиборлиси, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” муносабати билан  “Халқ билан бирга” деб номланган умумпартиявий лойиҳа таркибига 2026 йилдан бошлаб “O'zLiDeP депутати – маҳаллада”, “Маҳалланинг ишбилармон аёли”, “Маҳалланинг ёш креатив тадбиркори”, “Фаровон оила”, “O'zLiDeP: тадбиркор ва фермерга ҳуқуқий ёрдам” сингари янги лойиҳаларга старт берилганлигини шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз.

Йиғилишда сўзга чиққанлар Мурожаатнома ва O'zLiDePнинг истиқболли лойиҳалари ижросидан келиб чиққан ҳолда ўзларининг амалий таклифларини илгари сурди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.