Ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан амалга оширилаётган “O‘zLiDeP тарғиботчиси” лойиҳаси доирасида жойларда партия ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб қилиш, айниқса, ёшлар, аёллар ҳамда фаол фуқаролар билан самарали мулоқот ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан OʻzLiDeP Тўрткўл туман Кенгаши томонидан “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ёшлар, аёллар ва фаол фуқаролар билан тарғибот усуллари” мавзусида амалий учрашув ташкил этилди.
Тўрткўл кўп тармоқли техникуми ўқитувчи ва талабалари иштирокида ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, халқ депутатлари Тўрткўл туман Кенгашидаги OʻzLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, тарғиботчи фаоллар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини аҳоли қатламларига етказишда замонавий ва самарали тарғибот усулларидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, ёшлар билан ишлашда уларнинг қизиқиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инновацион ғояларини рағбатлантириш, очиқ мулоқот ва давра суҳбатлари ташкил этиш самарали восита экани қайд этилди.

Аёллар билан ишлашда эса, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оила ва жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган лойиҳа ва ташаббуслар ҳақида кенг тушунчалар берилди. Фаол фуқаролар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда очиқ мулоқотлар ўтказиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш тарғибот ишларининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Тадбир иштирокчилари тарғибот фаолиятини фақат маърузалар билан чеклаб қўймасдан, интерактив усуллар – савол-жавоблар, амалий тренинглар, кейс-таҳлиллар ва ҳаётий мисоллар асосида ташкил этиш лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар имкониятларидан кенг фойдаланиш, аҳоли билан доимий ва тизимли алоқа ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.
Учрашув якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида келгусида тарғибот ишларини янада такомиллаштириш, партиянинг жойлардаги фаоллигини ошириш ҳамда аҳоли ишончини мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Мазкур тадбир “O‘zLiDeP тарғиботчиси” лойиҳасининг амалий босқичи сифатида партиянинг халқ билан мулоқотини янада кучайтириш, ёшлар, аёллар ва фаол фуқароларни ислоҳотлар жараёнига кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.