Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати¬ Ўзбекистон либерал-демократик партияси Сурхондарё вилояти кенгашида ташкил этилган ишчи гуруҳ воҳада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир амалга оширилаётган ишларни жамоатчилик назорати шаклида ўрганишни бошлади.
Партия ходимлари, фаоллари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Термиз шаҳрининг Шифокорлар маҳалласида ҳам бўлиб, оилавий тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишди. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларини кўздан кечирди.
Маълумотларга кўра, маҳаллада 40 га яқин тадбиркорлик субъекти мавжуд. Улар сафида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, ўз бизнесини юритаётган ишбилармонлар бор. Ҳудудда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган Бакир Эшқобиловлар "Malika Quality Food" масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, хонадонида "Smile" бренди остида санитар-гигиеник қоғоз ишлаб чиқармоқда. Партия вакиллари ва депутатлар унинг хонадонида бўлиб, ишбилармонлар билан дилдан суҳбатлашди.

– Хориж ускуналарини ўрнатганмиз. Целлюлозани қайта ишлаймиз, – дейди Бакир Эшқобилов. – Ҳозир оила аъзоларим билан бирга маҳалламиздан уч кишини доимий иш билан таъминлаганмиз. Қоғоз салфеткаларни Термиз шаҳридан ташқари, Ангор ва Жарқўрғон туманларидаги мижозларга ҳам етказиб беряпмиз.
Корхона фаолиятини ўрганиш чоғида тадбиркор ўз фаолиятини кенгайтириб, шу йўл билан иш ўрнини кўпайтириш истаги борлигини маълум қилди. Бунинг учун қўшимча маблаққа эҳтиёж сезаётганини билдирди. Партия вакиллари унга тижорат банкидан кредит олишда кўмаклашадиган бўлди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг Жарқўрғон туманидаги Қорақурсоқ ва Суюнкамар маҳаллаларидаги оилавий тадбиркорлар фаолияти билан танишуви ҳам ўз хонадонида хусусий бизнес билан шуғулланаётган ишбилармонлар учун фойдали бўлди. Жумладан, Хўжамурод Эшқобилов томорқасидаги 7 сотих майдонда иссиқхона қуриб, помидор етиштиришни йўлга қўйган. 8 туп лимон кўчати ҳам парваришланмоқда. Хонадон соҳибининг айтишича, иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар оила учун йилига 20 миллион сўмдан ортиқ даромад келтирмоқда.

Бу оила фақат иссиқхонада полиз маҳсулотлари ва лимон етиштириш билан чекланиб қолмаган. Етти хазинанинг бири–асаларичиликни ҳам йўлга қўйган. Ундан йилига ўн миллион сўмдан ортиқ даромад топади. Хонадонда зотдор чорва моллари ва парранда парваришланиб, гўшт, тухум маҳсулотлари ҳам етиштирилади. Ишбилармон Хўжамурод Эшқобилов нафақат ўзини, балки икки келини ва бир этак невараларини қишлоқда иш билан таъминлаб, тўкин турмуш кечирмоқда.
– Оилавий тадбиркорнинг ишлари бизда катта қизиқиш уйғотди, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, ЎзЛиДеП Сурхондарё вилоят кенгаши депутати Гулбаҳор Тангирова. – Улар билан бафуржа суҳбатлашиб, режаларини ўргандик. Орзу-истакларини тингладик. Ўрганиш жараёнида Хўжамурод Эшқобилов яна 9 сотих ерда иссиқхона қуриш учун субсидия ажратилиши ҳамда иссиқхонани иситиш учун табиий газ тармоғига улаш юзасидан кўмак сўради.
Жамоатчилик назорати чоғида ишчи гуруҳ аъзолари дуч келаётган бу каби муаммо ва таклифлар партиянинг вилоят кенгашида умумлаштирилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланмоқда. Уларнинг ечими бўйича жойларда мутасадди ташкилот раҳбарла иштирокида депутатлик эшитувлари ташкил этилиб, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссия мажлислари ва сессияларда атрофлича муҳокама этилади.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг вилоятдаги оилавий тадбиркорлар фаолиятини ўрганиши давом этади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири