Пойтахтимиздаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ЎзЛиДеП партияси сайловолди тарғиботи тадбири ташкил этилди. Унда партия сайловолди дастуридан ўрин олган устувор мақсад-вазифалар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ЎзЛиДеП кейинги беш йилликда тадбиркорлар сонини 3 миллион нафардан ошириш, камбағаллик кўламини эса икки карра кисқартиришни ўзининг устувор вазифаси деб белгилаган. Бунинг учун партия аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг маҳаллабай дастурларини ишлаб чиқишни режалаштирган.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини иш билан таъминлаб келаётган тадбиркорларга мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзлар бериш, мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимлари ўртача иш ҳақини 2 баробар ошириш чораларини кўради.
Шунингдек, иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш каби таклифлар ҳам партия сайловолди дастуридан ўрин олган. Партия давлат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолиятига аралашувини қатъий тақиқлаш учун барча зарур чораларни кўришга, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний усулда аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтиришга ваъда бермоқда.
Ташвиқот тадбирида партия тадбиркорлар учун яна бир муҳим ташаббусни илгари сураётгани алоҳида қайд этилди. Гап шундаки, ЎзЛиДеП қонуний фаолият юритаётган ва солиқларни ўз вақтида тўлаётган тадбиркорларни текширмаслик тарафдоридир. Мазкур ташаббус мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилиши эътироф этилди.
М.Комилова, ЎзА