French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзЛиДеП номзодлари сайловчилар билан учрашди
17:27 / 2024-10-04

“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Ургут туманида жойлашган корхоналарида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг тадбиркорлар, йирик компаниялар вакиллари ҳамда ишчи-ходимлар билан учрашуви ўтказилди.

ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Ўзбекистон-2030” стратегияси мақсадларига ҳамоҳанг партия сайловолди дастури ҳақида маълумот  берди.

– Эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни биргаликда қуриш –сайловолди дастуримизнинг олий мақсади, – деди А.Ҳайитов. – Бунга эришиш учун 5 йўналишда 500 та вазифа белгиланган. Хусусан, илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш ва шу орқали саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,4 баробарга, меҳнат унумдорлигини 2 баробарга ошириш, 115 миллиард долларлик йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур чораларни кўришни режалаштирганмиз. Бунда рақамли технологияларга ихтисослашган корхоналарнинг экспорт фаолиятини жадаллаштириш, “Чип саноати”, сунъий интеллект, нанотехнологиялар каби илғор тармоқларни ривожлантириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқамиз. Кичик саноат зоналарида инвестиция мажбуриятини бажарган тадбиркорларимизга ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат беришнинг қонуний асосларини яратишни режалаштирганмиз. Салоҳиятли тадбиркорларга кичик ва ёшлар саноат зоналаридан 10 йилгача бўлиб тўлаш имтиёзи билан ер ажратишни ҳам қўллаб-қувватлаймиз.  

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодлар сўзга чиқиб, ўз сайловолди дастурларининг устувор йўналишлари тўғрисида маълумот берди ҳамда сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

ЎзЛиДеП номзодлари, шунингдек, Самарқанд давлат университети Ургут филиалида ҳам сайловчилар билан учрашди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари