Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.
– Давлат дастури халқимизнинг эзгу мақсадларини амалга оширишга қаратилгани билан катта аҳамиятга эга, – деди фракция раҳбари А.Ҳаитов.
– Чунки унда ечимини кутиб турган кўплаб муаммоларга эътибор берилган. Масалан, деҳқончилик билан шуғулланиш учун, шу жумладан, янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларида 0,1 гектардан 1 гектаргача ер ажратилиши, уларни суғориш тизими ва электр энергияси билан таъминланиши назарда тутилган. Демак, бундан буёғига қишлоқ хўжалигида иш юритишнинг янгича шакли – кластер усулини янада оммалаштириш, кластер, кооперациялар тизимининг ҳуқуқий асосини яратиш лозим бўлади. Бу борада “Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида”ги, “Агрокластерлар тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. Зотан, кластер элга манфаат келтиради, одамларни иш билан, даромад билан таъминлайди.
Йиғилишда халқ вакиллари Давлат дастурининг партия дастуридаги вазифаларга ҳамоҳанг жиҳатлари ва ундан келиб чиқувчи вазифаларга тўхталиб ўтишди.

Депутатларнинг айтишича, коронавирус пандемияси даврида Президентимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига 2020 йил 31 декабрь ҳолатига қолдиқда турган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича берилган фоизсиз кечиктириш суммаси, “хуфиёна иқтисодиёт” улушини қисқартириш учун солиқ аудити ўтказишда “таҳлика-таҳлил” тизими босқичма-босқич жорий этилган ҳолда солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилишига мораторий жорий йилнинг охиригача узайтирилади. Бу, ўз навбатида, соҳанинг жадал ривожланишига, минг-минглаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Шунингдек, Дастурда иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, камбағалликни қисқартириш ва узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишнинг пойдеворини яратиш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратилиши белгилаб берилган. Эндиликда депутатлар бу борада ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, ёшларга ерларни ажратиб беришда адолат тамойилларига эътибор қаратиши зарур.
Мамлакатимиз ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар таҳлилига кўра, 2018 йилда 13 минг 701, 2019 йилда 24 минг ва 2020 йилда 16 минг 23 та тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун суд идораларига юборилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиларининг 40 фоизи бир-бирига эътирози йўқлиги ва мақсади суғурта товонини олиш эканини билдирган. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда Йўл патруль хизмати инспектори чақирилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилади, тиббий наркологик текширувдан ўтказилади ва суғурталовчига хабар берилади.
Албатта, бу ҳаракатларни амалга ошириш учун ўртача 30-50 кун сарфланади ва фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлиши ва қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўлади.
Фракция йиғилишида кўриб чиқилган “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида бу борадаги муаммоларнинг ечими ўз аксини топган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 212-модда Йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома расмийлаштириш муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этиш нормаси киритилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига Йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома деган тушунча киритилиши ва унга таъриф берилиши кўзда тутилмоқда.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА