Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзЛиДеП депутатлари ёшлар билан учрашди
10:04 / 2025-10-31

ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан Навоий инновациялар университетида “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасида “Депутат ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Шу мақсадда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар томонидан жойларда ёшлар билан очиқ мулоқот ва учрашувлар ўтказилмоқда.

Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ва ечим топишда амалий ёрдам бериш мақсадида ўтказилган учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азиза Аминова, ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши раиси Ғофир Алиев ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш, таълим сифатини ошириш, ёшларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. 

Самимий мулоқот ва ўзаро ишонч муҳитида ўтган тадбирда депутатлар ёшларни фаолликка, янгилик яратишга, ватанпарварлик ва ташаббускорлик руҳида ҳаракат қилишга чақирди.

Таъкидлаш ўринлики, бу каби учрашувлар нафақат ёшларнинг сиёсий маданиятини оширади, балки уларни мамлакат тараққиётида фаол иштирок этишга ундайди. ЎзЛиДеП учун эса бу ёшлар билан бевосита алоқа ўрнатиш, уларнинг ишончини қозониш ва янги ғояларни амалиётга жорий этиш йўлида муҳим қадамлардан биридир.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда 17 нафар олийгоҳ талабаси партия аъзолари сафига қабул қилинди. Шунингдек, 8 нафар фаол, ташаббускор талабалар “Янги авлод кадрлари” захирасига олинди. 

Тадбир сўнггида ЎзЛиДеП вилоят ҳудудий партия ташкилоти ва Навоий инновациялар университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

А.Бўриев, ЎзА