Парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Бу йилги сайлов янгича тизим асосида, партиялараро шиддатли рақобат муҳитида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Айни кунларда давом этаётган сайловолди ташвиқоти жараёнларида ҳам партиялараро рақобат муҳити яққол намоён бўлмоқда. Ҳар бир партия бор куч ва имкониятини ишга солиб, тарғибот ишларини янгича, замонавий усулларда олиб бормоқда, илғор ғоя ва ташаббуслар билан сиёсий майдонга чиқаётир.
Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбeкистон Либeрал-дeмократик партияси 5 мақсад бўйича 500 та вазифани ўз олдига қўйган ҳолда ташвиқот-тарғибот тадбирларини қизғин руҳда олиб бормоқда.

Партия қишлоқ хўжалиги соҳасида бир қатор таклифлар билан чиқмоқда. Хусусан, партия деҳқон хўжаликлари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ниятида. ЎзЛиДеП Сайловолди дастурида ҳар бир маҳаллада етиштирилган маҳсулотларни қабул қилиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишга кўмаклашувчи шохобчалар ташкил этиш мақсади белгиланган. Етиштирилган маҳсулотларни сақлаш учун 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та агрологистика марказини ташкил қилиш илгари сурилмоқда.
Шунингдек, партия органик маҳсулот етиштираётган фермер хўжаликлари учун солиқ имтиёзларини жорий этиш керак, деб ҳисоблайди. Соҳада экспортни йилига 10 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятларни сафарбар этишни мақсад қилган. Қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мос ҳолда ривожлантириш, тупроқ ва яйловлар деградациясининг олдини олиш юзасидан Миллий дастур қабул қилиниши тарафдоридир.
ЎзЛиДеПнинг ушбу йўналишдаги мақсад-вазифалари қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сифатли маҳсулотлар етиштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова, ЎзА