English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзкимёсаноат”: жорий йил ўсиш суръати 121 фоизни ташкил этиши кутилмоқда
11:34 / 2021-01-09

Миллий матбуот марказида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг 2020 йилдаги фаолияти якунлари ва 2021 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисобига алоҳида эьтибор қаратди.

Ж.Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, 2020 йилда қиймати 7301 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Бунда ўсиш суръати 2019 йилга нисбатан 108,3 фоизни ташкил этган.  

– Жамият томонидан маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, 2020 йилда қиймати 1342,8 миллиард сўмлик 23 лойиҳа амалга оширилиб, ўсиш суръати 166,5 фоизни ташкил этди, – деди Ж.Мирзамаҳмудов. – Саноат кооперацияси доирасида 2020 йилда жами 7 турдаги 592,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 803,4 миллиард сўмлик солиқ ва мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланиши таъминланган бўлса, унинг 668,8 миллиард сўми бюджет, 134,6 миллиард сўми эса бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлардир. Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи 310,7 миллиард сўмга (4,4 фоизга) камайтирилди. 64,5 миллиард сўм миқдорида энергия ресурслари тежалишига эришилди.

Тадбирда жамиятнинг экспорт салоҳияти ҳақида ҳам сўз борди. Қайд этилганидек, ўтган йил якуни билан умумий қиймати 188,9 миллион долларга тенг бўлган кимёвий маҳсулотлар экспорт қилинди. Йил якуни билан умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик 7 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида қиймати 4,5 миллион долларлик йилига 2 минг тонна карбоксиметилцеллюлоза (КМЦ), Жиззах вилоятида қиймати 1 миллион долларлик йилига 10 миллион дона полиэтилен қоп ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона шулар жумласидандир.

Ҳозирги кунда қиймати 6031 миллион долларлик 33 истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар самарасида 2470 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти вужудга келса, 1002 миллион долларлик маҳсулот экспорти ҳам яратилади. Шу билан бирга, бандлик масаласида ижобий натижалар пайдо бўлади, яъни 5 минг 133 янги иш ўрни яратилади.

Қайд этилганидек, жорий йилда 9291,1 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва ўсиш суръати 121 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. 2021 йилда эса 1467,1 миллиард сўмлик 26 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА