Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзкимёсаноат” тоғ-кон саноати учун кимёвий реагентларни маҳаллийлаштиришни йўлга қўймоқда
16:50 / 2025-09-08

“Ўзкимёсаноат” АЖ иқтисодиётимизнинг стратегик тармоқларидан бири ҳисобланган тоғ-кон саноати учун зарур бўлган кимёвий реагентларни маҳаллийлаштириш бўйича қатор ташаббусларни амалга оширмоқда.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ мутахассислари ўртасида ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди. 

Унда қайд этилганидек, тоғ-кон саноати эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳсулот ва реагентларни импорт ҳисобидан олиб кириш ҳажмини қисқартириш ҳамда уларни маҳаллий ишлаб чиқариш орқали ўзлаштириш муҳим ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, томонлар 2025-2028 йилларда “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида инновация, диверсификация ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали маҳаллий корхоналар ва технопарклар негизида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш имкониятларини кўриб чиқди. 

Шунингдек, бир қатор муҳим кимёвий маҳсулотларни маҳаллийлаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Шунингдек, кальций ва рух нитратлари, қимматбаҳо металларни ажратишда ишлатиладиган натрий гидросульфид (NaHS), олтинни уйумда ишқорлаш жараёнида эритмадан олтинни чўктириш учун фойдаланиладиган қўрғошин нитрати каби маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

Жамият ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлагановнинг сўзларига кўра, ташкилотлар ўртасида бундай ҳамкорлик иқтисодиётимиз учун жуда аҳамиятли.

– Негаки, маҳаллийлаштиришга қаратилган бу ҳамкорлик лойиҳалари нафақат импорт ҳажмини қисқартиришга, балки миллий ишлаб чиқаришни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Инновацион ечимлардан фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва ички бозорда сифатли маҳсулот таклифини ошириш орқали иқтисодий самарадорликка эришиш мумкин, – дея таъкидлади у.

Учрашув якунида томонлар ишчи гуруҳ тузиш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ўрганиш, маҳсулотларни лаборатория ва саноат синовларидан ўтказиш, сертификатлаш ҳамда амалиётга жорий этиш босқичларини қамраб олган чора-тадбирлар режасини тасдиқлади. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА