Бу ҳақда жамият ахборот хизмати хабар берди. Унга кўра, мазкур ташкилот дунё миқёсидаги нуфузли бизнес мукофотлардан бири ҳисобланган “The Bizz Awards” совринига сазовор бўлди.
Бу йилги танловда “Ўзкимёсаноат” АЖ “Инновацион, малакали ва тизимли ишловчи етакчи” номинациясида ғолиб, деб топилди. Бу эса компаниянинг халқаро бозордаги ўрни, саноатдаги барқарор ўсиши ҳамда ислоҳотларга асосланган самарали бошқаруви халқаро даражада тан олинганидан далолат беради.
Шунингдек, жамият раҳбарияти ҳам “The Bizz Awards”нинг қатор индивидуал номинацияларида муваффақият қозониб, етакчи раҳбарлик, стратегик фикрлаш ва халқаро стандартларга мос бошқарув соҳаларидаги ютуқлари учун алоҳида мукофотлар билан тақдирланди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ бундан кейин ҳам инновациялар, юқори технологиялар ва барқарор ривожланиш асосида мамлакат саноати ва иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишда давом этади.
Эслатиб ўтамиз, “The Bizz Awards” – 2005 йилдан буён Бутунжаҳон бизнес конфедерацияси (WORLDCOB) томонидан таъсис этилган мукофот бўлиб, корпоратив бошқарувнинг юқори даражаси, барқарор ўсиш, ижтимоий масъулият ва бизнес этикаси бўйича юқори стандартларга риоя қилувчи ташкилотларни эътироф этишни мақсад қилади. Ушбу мукофот дунё бўйлаб 130 дан зиёд давлатни қамраб олган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА