Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги учта корхона “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро аудитдан муваффақиятли ўтди
14:48 / 2023-12-07

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида Очиқ эшиклар куни ўтказилди.

Тадбир 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилди. Жамият бошқаруви раиси ўринбосари Акобиржон Тўхтаев  мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва жамият томонидан бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритди.  

– “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналари Комплаенс хизматлари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида 2023 йил 9 ойи давомида белгиланган вазифалар доирасида бир қатор тадбирлар амалга оширилди.  Бунда Президентимизнинг 2022 йил 12 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга катта аҳамият берилди. Унга асосан “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг “E-Anticor.uz” электрон платформасига жойлаштирилди. Натижада ушбу баҳолаш рейтинг тизимида “Ўзкимёсаноат”АЖнинг мазкур соҳадаги фаолияти 89 балл билан “яхши “деб баҳоланди, – деди ўз сўзида А.Тўхтаев.  

Тадбирда жамият ва унинг тизимларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув-семинарлари ташкил этилаётгани ва бу борада эришилаётган натижаларга ҳам урғу берилди. Унга кўра, жорий йилда “CERT International” халқаро сертификатлаш компанияси томонидан “Навоиазот” АЖ, “Ўзкимёимпекс” ҳамда “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖларининг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими аудитдан муваффақиятли ўтган. Уларга коррупцияга қарши курашиш механизми амалда самара бераётганининг асосий кўрсаткичи ҳисобланувчи ISО 37001:2016 мувофиқлик сертификатлари тақдим этилган.  

Ўз навбатида, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналаридаги коррупцион жиноятлар, ноқонуний ўзлаштириш, растрата, ўғирлик, камомад, қўшиб ёзиш ва бошқа қонунбузилишлар бўйича жами 63 та ҳолат аниқланиб, улар бўйича тегишли тартибда хизмат текширувлари ўтказилгани айтиб ўтилди.  Юқорида аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича жами 26 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 64 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва 180 нафар масъул ходимга нисбатан турли интизомий жазолар қўлланилган.  

Жорий йилнинг ўтган даврида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида аниқланган коррупцион ҳаракатлар, корхона маблағларининг талон-торож қилиниши оқибатида тизимга жами 19,7 миллиард сўмлик зарар етказилгани қайд этилди. Бу борада олиб борилган чора-тадбирлар натижасида етказилган жами зарарнинг 11,3 миллиард сўмдан кўпроғи ундирилиши таъминланган. Шунингдек, 8,3 миллиард сўмлик пул маблағларининг асоссиз сарфланиши олди олинган.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА