Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида ўтган йил манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ 22 та ҳолат аниқланган
17:43 / 2022-02-14

“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизмати раҳбари Мастура Ҳайитованинг маълум қилишича, жамият ва тизимдаги корхоналарда коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, ушбу иллатларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, меҳнат муносабатларида қонун бузилиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида 2021 йилда жами 49 та хизмат суриштируви ўтказилиб, натижалари бўйича тегишли хулосалар тайёрланган ва айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.  

Жумладан, 44 нафар ходимнинг иш ҳақидан жарима, 39 нафар масъул ходимларга ҳайфсан, 20 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 11 нафарига нисбатан маъмурий чоралар кўрилган, 9 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. 

2021 йилда тизимда жами 22 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар бартараф этилган. Жумладан, тизимда аниқланган ноқонуний ҳолатларни ҳужжатлаштириш натижасида кимё саноати корхоналари томонидан тайёр маҳсулотни сақловга берилган тадбиркорлик субъектларида 80,4 миллиард сўмлик минерал ўғитлар камомади аниқланиб, расмийлаштирилди. Ҳозирги кунда 29,9 миллиард сўм маблағлар ундирилиши таъминланди. 

Шу билан бирга олиб борилган ишлар натижасида 500 миллион сўмдан ортиқ товар моддий бойликлар ва 100 миллион сўмдан ортиқ ёқилғи-мойлаш материалларининг талон-тарож қилиниши ва 3,5 миллиард сўм харажатлар самарасиз ишлатилишининг олди олинди. Кимё саноати корхоналари томонидан тақдим этилган материаллар асосида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 10 та жиноий иш қўзғатилган. 

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, кадрларни танлашда коррупциявий омилларни бартараф этиш, коррупцияга қарши курашиш амалиётига тизимли превентив чораларни кучайтириш ва мазкур соҳадаги билимларини узлуксиз ошириш мақсадида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда. 

Жисмоний ва юридик шахслар “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти фаолияти билан боғлиқ турли масалалар бўйича мурожаатларини, шунингдек, маҳсулотларни етказиб бериш ва уларнинг сифат даражаси бўйича таклиф ва эътирозларини (78) 140-74-48 ишонч телефон рақами орқали қолдиришлари мумкин.  


Шаҳноза Маматуропова, ЎзА