Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзкимёсаноат” АЖ  коррупцияга қарши курашиш бўйича жорий йилни қандай натижалар билан якунламоқда?
14:01 / 2025-12-29

Маълумки, коррупцияга қарши курашиш жамият тараққиёти ва давлат бошқарувида адолатни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бу иллат иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилибгина қолмай, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини ҳам сусайтиради.

Шу боис, коррупцияга қарши курашишда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, давлат хизматчилари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шу талаблардан келиб чиқиб, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида 2025 йил давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қандай ишлар амалга оширилди?

Бу ҳақда “Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов қуйидагича маълумот берди:

–2025 йил давомида “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат соҳасида амалга оширилган барча чора-тадбирлар амалдаги қонунчилик талаблари, шунингдек жамиятнинг ички норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига мувофиқ равишда ташкил этилди.

Комплаенс назоратни таъминлаш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда уларга барҳам беришга қаратилган ишлар “Ўзкимёсаноат” АЖ ижро аппаратида, шунингдек “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Аммофос-Максам” АЖ, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” АЖ ва “Ўзкимёимпекс” МЧЖда тизимли ва изчил тарзда амалга оширилди.

Ташкилотимиз ва унга қарашли корхоналарга ишга қабул қилинган жами 269 нафар янги ходим белгиланган тартибда текширувдан ўтказилиб, мазкур жараён манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилди.

Кадрлар салоҳиятини ошириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор берилди. Хусусан, 207 нафар раҳбар, ходим ҳамда коррупцияга қарши ички назорат ва комплаенс тузилмалари мутахассисларининг малакаси оширилди. Жумладан, 40 нафар раҳбар ва ходим ISO 31000:2018 - “Хавфларни бошқариш” халқаро стандарти бўйича ўқув курсларини муваффақиятли якунлади. 167 нафар ходим “Коррупцияга қарши виртуал академия” портали ҳамда CERT Академияси мутахассислари иштирокида ташкил этилган “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимининг самарали ишлашини таъминлаш” мавзусидаги ўқув машғулотлари, шунингдек ISO 37001:2016 ва ISO 37001:2025 “Коррупцияга қарши бошқарув тизими” халқаро стандартлари бўйича чуқурлаштирилган курсларда ўз малакасини оширди.

Корхоналарда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан 160 дан ортиқ семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, улар доирасида 5 минг 133 нафар ходим коррупцияга қарши курашиш, хизмат фаолиятида ҳалоллик тамойилларига риоя этиш ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига мувофиқ, 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан “E-Antikor.uz” электрон платформасига киритиш учун 5 та йўналиш ва 29 та махсус индикатор бўйича тегишли маълумотлар шакллантирилди.

2025 йил апрель ойида “Ўзкимёсаноат” АЖ халқаро “CERT International” академияси томонидан ўтказилган навбатдаги аудитдан муваффақиятли ўтиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасида жорий этилган бошқарув тизимининг халқаро талабларга мослиги тасдиқланди ҳамда жамият ISO 37001:2016 халқаро сертификатига қайтадан муносиб деб топилди.

Давлат харидлари соҳасида ҳам шаффофлик ва очиқликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, жами 3 минг 438 та хўжалик шартномаси тузилиб, уларнинг барчасига коррупцияга қарши курашишга оид мажбурий шартлар киритилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарининг ишонч алоқа каналлари орқали жисмоний ва юридик шахслардан жами 380 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 12 таси коррупцияга оид бўлиб, барчаси бўйича белгиланган тартибда хизмат текширувлари ўтказилди. Ўтказилган текширувлар натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий чоралар қўлланилди.

Бундан ташқари, тизимда ўтказилган 207 та режали текширув натижасида 27 та ҳолат юзасидан тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Айни пайтда мазкур 27 та ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Умуман олганда, 2025 йил давомида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилган тизимли ва изчил чора-тадбирлар соҳада очиқлик, шаффофлик, масъулият ва ҳалоллик тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА