Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзЖОКУ ва Ёзувчилар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди
17:43 / 2022-04-27

Бугун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ўқув жараёнлари ҳамда маънавий-маърифий йўналишларда ҳамкорлик қилиш, таълим сифатини ошириш мақсадида олийгоҳ ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбирда уюшма раиси Сирожиддин Саййид, университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, таниқли ёзувчилар, университет раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этди. 

Дастур доирасида дастлаб талабалар томонидан саҳна кўринишлари ва бадиий чиқишлар меҳмонлар диққатига ҳавола этилди. Бунга жавобан уюшма вакиллари ҳам ўз ижод маҳсуллари билан йиғилганларни шод қилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид қаламига мансуб шеърлар, айниқса, талабаларда ўзгача таассурот қолдиргани айни ҳақиқат. 

Тадбирнинг бадиий қисми якунлангач, икки томонлама битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжатни ЎзЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа ва Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид имзоладилар. 

Таъкидлаш керак, мазкур битим ўқув жараёнлари, ҳар икки томоннинг маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот ишларини самарали ташкил этиш, такомиллаштириш ва ривожлантириш масалаларини мувофиқлаштиришга йўналтирилган. 

Ёзувчилар уюшмаси ва университет ўртасида бундай тадбирларни тез-тез ташкил қилиш одат тусига кирган. Муассаса 2018 йилда ташкил топган бўлса, ўшандан буён шоир ва ёзувчилар, уюшма аъзолари билан ижодий учрашувлар ўтказилади. Бугун эса ушбу ҳамкорлик расман тасдиқланди. 

Ҳужжат, шунингдек, илм-фан ва таълим соҳаси, бадиий-публицистик ижодни ривожлантиришга бағишланган илмий конференция, семинар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш, халқаро конференциялар ўтказишда ўзаро ҳамкорлик қилиш, талабаларнинг ижодий ишлари сифатини ошириш учун адабиёт, спорт, журналистика ва санъатнинг бошқа йўналишлари бўйича танловларда иштирок этишига кўмаклашиш ҳамда спорт тадбирларини ташкил этиш каби кўплаб бандларни ўз ичига қамраб олади. 

Маросим якунида уюшма томонидан икки юзта китоб талабалар учун университет кутубхонасига совға тариқасида топширилди. 


Беҳруз Худойбердиев, ЎзА